Тошкент шаҳридаги давлат хизматлари марказларининг ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланиши учун қай даражада имконли эканлиги юзасидан ўтказилган мустақил мониторинг уларнинг турли шаклдаги ногиронлиги бўлган фуқароларга хизмат кўрсатишга шайлик даражаси турлича эканлигини кўрсатди. Нима учун бир шаҳарда давлат хизматлари турлича тақдим этилмоқда? «Газетa.uz» колумнисти Дилмурод Юсупов ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари кўрсатишнинг ягона стандартини жорий этиш орқали муаммони ҳал қилиш мумкин, деб ҳисоблайди.

Бугунги кунда ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа заиф қатламларига зарур хизматлар кўрсатишда давлат хизматлари марказлари (ДХМ) муҳим ўрин тутади. Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП, my.gov.uz) орқали уйдан чиқмаган ҳолда ижтимоий нафақалар тайинлаш, реабилитация воситалари билан таъминлаш учун тиббий маълумотнома олиш ва бошқа хизматлардан фойдаланиш учун онлайн ариза топшириш мумкин.

2021 йил 1 ноябрдан I ва II гуруҳга мансуб ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари кўрсатишда давлат божи, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловлар учун 50 фоизлик чегирма қўлланиб келмоқда. Бундан ташқари, I ва II гуруҳга мансуб ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болалар, шунингдек, уларни парвариш қилаётган фуқаролар давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш ҳуқуқига эга. Аммо ногиронлиги бўлган шахслар учун давлат хизматларидан фойдаланиш жараёни қай даражада қулай ва имконли?

Шу саволга жавоб топиш мақсадида 2024 йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳридаги «Шароит плюс» ногиронлиги бўлган шахслар жамоат бирлашмаси (НЖБ) вакиллари томонидан ҳудудий давлат хизматлари марказларининг ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланиши учун имконлилик даражаси мониторингдан ўтказилди. Мақсад — Тошкентда истиқомат қилувчи турли шаклдаги ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари кўрсатишнинг бугунги кундаги ҳолатини ўрганиш. Мониторинг Юнусобод, Шайхонтоҳур ва Чилонзор туманларидаги учта Давлат хизматлари марказлари («Ягона дарча» хизматлари)ни қамраб олди.

«Шароит плюс» НЖБ мутахассислари томонидан мазкур марказларда ногиронлиги бўлган ва ҳаракатчанлиги чекланган шахслар учун жисмоний жиҳатдан қулайлик, ахборот ва алоқа имкониятлари, шунингдек, my.gov.uz портали ва унинг мобил иловасидан фойдаланиш имкониятлари ўрганилди. Қолаверса, «Ягона дарча» ходимларининг турли шаклдаги ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш вақтида уларга нисбатан муносабати баҳоланди.

Юнусободда ҳеч қандай шарт-шароит йўқ — фақатгина навбатсиз хизмат кўрсатиш мавжуд

Юнусобод тумани ДХМда мониторинг гуруҳи жисмоний ва мулоқот қилиш билан боғлиқ тўсиқларга дуч келди. Кириш жойида қурилган пандус ШНҚ 2.07.02−22 «Қурилиш объектларини ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда кексалар эҳтиёжини инобатга олган ҳолда лойиҳалаштириш» меъёрларига мос келмайди — қиялик бурчаги белгиланган 5 даражалик меъёрдан юқори, пандус сирти сирпанчиқ ва ногиронлар аравачаси фойдаланувчиси бинога мустақил кира олмайди.

давлат хизматлари марказлари, ногиронлиги бўлган шахслар, қулай муҳит

Юнусобод туман Давлат хизматлари марказидаги фойдаланишга яроқсиз пандус.

Энг қизиғи, ногиронлиги бўлган одам кимнингдир ёрдами билан юқорига кўтарилган тақдирда ҳам, у, таъбир жоиз бўлса, «тузоқ»қа тушиб қолади. Марказга кириш эшигининг ёпиқ айвон шаклида кенгайтирилган қисми пандусдан ўтиш жойини тўсиб қўйган. Бундан келиб чиқадики, бу ерда «хўжакўрсинга» пандус мавжуд, лекин унга мустақил кўтарилиш имконсиз ва кўтарилган тақдирингда ҳам, ҳеч қаерга киролмайсан.

давлат хизматлари марказлари, ногиронлиги бўлган шахслар, қулай муҳит

Шайхонтоҳур туман ДХМга кириш қисмидаги пандуснинг мармар қопламаси сирпанувчан сирти туфайли ҳаракатчанлиги чекланган кишилар учун хавф туғдириши мумкин

«Юнусобод туманидаги давлат хизматлари мутахассисидан ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида сўраганимда, бунга жавобан уларда ҳеч қандай шарт-шароит йўқлиги, фақат навбатсиз хизмат кўрсатиш мавжуд эканини маълум қилди. Бироқ шундан кейин, II гуруҳ ногирони ҳисобланишимга қарамай, мени умумий навбатга қўйишди», — дейди мониторинг гуруҳи аъзоси.

Пойтахтдаги кўплаб давлат хизматлари марказларида ногиронлиги бўлган шахслар учун навбатсиз хизмат кўрсатиш бўйича плакатлар илинган. Уларда жисмоний ногиронликнинг аниқ шакллари тасвирланган. Жамиятимизда шундай стереотип кенг тарқалганки, ногиронликни ногиронлар аравачасидаги шахс сифатида тушунилади ва тасаввур қилинади. Шу нуқтаи назардан, кўпчилик ногиронликнинг кўринмас шакллари мавжудлигини ҳисобга олмайди.

Ногиронликнинг бундай шакллари ҳар доим ҳам ташқаридан сезилмайди, бироқ инсон ҳаётига сезиларли таъсир кўрсатади. Шунинг учун ногиронлиги бўлган шахслар учун устувор хизмат кўрсатиш ҳақидаги плакатларнинг ўзи етарли эмас. ДХМ ходимлари кўринмас шаклдаги ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатиш бўйича ҳам ўқитилиши лозим.

давлат хизматлари марказлари, ногиронлиги бўлган шахслар, қулай муҳит

Шайхонтоҳур ДХМ кираверишида ногиронлиги бўлган шахсларга устувор хизмат кўрсатиш акс эттирилган плакат.

«Давлат хизматлари марказида бўлганимда умумий навбатда 28-ўринда эканлигимни айтишди. Мен навбатсиз хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга эканлигимни айтганимда, ходимлар навбатсиз ўта олмаслигимни маълум қилишди», — дейди II гуруҳга мансуб, кўриш қобилияти бузилган, албинизмга чалинган қиз.

Бундай вазиятда, албинизмга чалинган қиз эркин ҳаракатланиш ва давлат хизматлари маркази ходимлари билан мулоқот қилиш имкониятига эга. Бироқ, унда ногиронлик мавжуд — унинг ҳолати иссиқ кунда навбатда туришга имкон бермайди, бу унинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Кўринмас ногиронлик эшитиш қобилияти заиф кишилар ва карлар, ақлий ва руҳий шаклдаги ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, сурункали касалликларга чалинган одамларда учраши мумкин.

«Янглишмаётган бўлсам, I ва II гуруҳга мансуб ногиронлиги бўлган шахслар учун давлат хизматларини кўрсатишда 50 фоизлик чегирма мавжуд. Бироқ, Шайхонтоҳур тумани ДХМда бу ҳақда била туриб, менга айтишмади», — дейди II гуруҳга мансуб, эшитиш билан боғлиқ ногиронлиги бўлган эркак.

Бошқача айтганда, ногиронлиги бўлган фойдаланувчилар учун устувор ва имтиёзли хизмат кўрсатишга тааллуқли тартиб-таомиллардан ДХМ ходимларининг ҳаммаси ҳам хабардор эмаслиги эҳтимоли юқори. Бундай муаммолар ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш бўйича кадрларни тизимли ўқитишнинг мавжуд эмаслиги туфайли юзага келмоқда.

Юнусобод ДХМда, шунингдек, эшитиш имконияти чекланган шахслар билан мулоқотни таъминлаш учун махсус surdo-online планшетлар ҳам мавжуд эмас эди. Surdo-online дастури 2020 йил ноябрида синов тариқасида ишга туширилган. У кар ва заиф эшитувчи фуқароларга давлат хизматлари маркази ходимлари билан сурдо-таржимон орқали онлайн мулоқот қилиш имконини беради. Бундай мулоқотни таъминлаш учун пойтахтдаги 11 та ДХМга планшетлар ўрнатилган.

Маълум бўлишича, surdo-online фаолияти барча давлат хизматлари марказларида тизимли йўлга қўйилмаган ва ҳозирги кунда ҳатто тўхтатиб қўйилган. ДХМ ходимларини surdo-online дастуридан фойдаланишга ўргатиш масаласи ҳам очиқлигича қолмоқда.

«Surdo-online тизимимиз 2020 йилда АКТ вазирлиги кўмагида COVID-19 пандемияси даврида ишга туширилган эди. Биз бир йиллик шартнома асосида хизмат кўрсатдик, шунингдек, бошқа вилоятлардаги давлат хизматлари марказларига ҳам хизмат кўрсатишни бошладик. Ўтган йили қайтадан хизмат кўрсатишни бошлаган эдик, бироқ ҳозир ишимиз тўхтаган. Директор ўзгарди ва эндиликда ДХМ Давлат хизматлари агентлиги тасарруфида. Surdo-online дастури ишлашда давом этмоқда, бироқ биз хизматлар кўрсатиш бўйича янги шартнома тузмадик ва шу сабабли бизга абонент тўлови тўланмайди», — дея тушунтирди surdo-online дастурий таъминотига нисбатан муаллифлик ҳуқуқи эгаси «TECHNO LAB PRO» МЧЖ директори Гўзал Раҳматуллаева.

Чилонзорда шароит бор

«Чилонзор тумани Давлат хизматлари марказида ногиронлар аравачасидан фойдаланувчи, эшитиш имконияти чекланган ва паст бўйлилар учун жуда яхши имкониятлар яратилган», — дея ўз мулоҳазасини бўлишди мониторинг комиссияси аъзоси аноним тарзда.

Чилонзор ДХМга кираверишда ногиронлар аравачасидан фойдаланувчилар ва аҳолининг ҳаракатчанлиги чекланган бошқа тоифалари учун қулай пандус ўрнатилган. Пандус 2-§ ШНК 2.07.02−22 га мувофиқ шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидаларининг асосий талабларига мос келади. Бундан ташқари, марказда ҳаракатчанлиги чекланган фуқаролар учун давлат хизматларидан фойдаланишда зарур бўлган ҳолларда ногиронлар аравачаси ҳам мавжуд.

давлат хизматлари марказлари, ногиронлиги бўлган шахслар, қулай муҳит

Чилонзор туман Давлат хизматлари марказига кираверишдаги қулай пандус

Марказ ходимлари хушмуомала муносабатда бўлиб, ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган барча шарт-шароитларни батафсил тушунтириб беришди. ДХМда эшитиш имконияти чекланган шахслар билан мулоқот қилиш учун surdo-online дастури ўрнатилган. Кутиш зали паст бўйли фойдаланувчиларнинг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда мебеллар билан жиҳозланган.

давлат хизматлари марказлари, ногиронлиги бўлган шахслар, қулай муҳит

Эшитиш имконияти чекланган шахслар билан surdo-online тизими орқали мулоқот қилиш учун планшет.

Чилонзор ДХМда фақатгина ақли заиф ва ривожланишида нуқсони бўлган шахслар учун осон ўқиладиган матн форматидаги маълумотлар етишмайди. Бундай қулай форматнинг мавжуд бўлиши мулоқотда юзага келиши мумкин бўлган кўрсатилаётган давлат хизматлари тўғрисидаги муҳим маълумотларни олиш билан боғлиқ тўсиқларни бартараф этишга имкон беради.

Осон ўқиладиган матн нафақат ногиронлиги бўлган шахслар, балки кексалар, ўқиш ва ёзишда нуқсони бўлганлар (масалан, дислексия), давлат тилини тўлиқ билмайдиган чет элликлар ва бошқа тоифалар учун ҳам фойдаланишда қулайлик яратган бўлур эди.

Адлия вазирлиги, Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт дастурининг давлат хизматларини кўрсатишни такомиллаштиришга қаратилган қўшма лойиҳаси кўмагида жиҳозланган Қорақалпоғистоннинг Нукус туманидаги марказ ДХМдан фойдаланиш имкониятини таъминлашнинг муваффақиятли намунаси бўла олади.

давлат хизматлари марказлари, ногиронлиги бўлган шахслар, қулай муҳит

давлат хизматлари марказлари, ногиронлиги бўлган шахслар, қулай муҳит

давлат хизматлари марказлари, ногиронлиги бўлган шахслар, қулай муҳит

давлат хизматлари марказлари, ногиронлиги бўлган шахслар, қулай муҳит

my.gov.uz сайтида рақамли фойдаланиш имконияти борми?

Ягона интерактив давлат хизматлари портали турли шаклдаги ногиронлиги бўлган шахслар учун рақамли фойдаланиш имкониятини синчковлик билан мониторинг қилишга эҳтиёж сезмоқда. OneID тизими орқали рўйхатдан ўтиш қай даражада қулай ва бу тизим орқали рўйхатдан ўтишни қандай соддалаштириш мумкинлиги — бу катта савол. Мисол учун, ногиронлиги бўлган шахслар аксарият ҳолларда суратлардан иборат код орқали текшириш (captcha) ёрдамида авторизациядан ўтиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келишади.

Бугунги дунёда рақамли фойдаланиш имконияти «заиф кўрувчилар учун версия» ёки «экран сухандони»га эга бўлишдан кўра кўпроқ нарсани англатади. Визуал бўлмаган фойдаланиш имконияти, айниқса, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи фойдаланувчилар учун муҳим. Масалан, my.gov.uz порталида муқобил матн (alt+text — тасвирларни сўз билан тавсифлаш) билан тавсифланмаган визуал элементлар бўлиши мумкин, бу эса экранни ўқиш воситалари (iOS'да NVDA, VoiceOver ва Android’да TalkBack каби махсус дастурлар, бу компьютер ёки мобил қурилма экранида содир бўлаётган ҳамма нарсани овозлаштиради) ёрдамида хизматдан фойдаланишни қийинлаштиради.

«Бошқарувдаги ёзилмаган элементлар, динамик ўзгарувчан контент, скринридерлар эътиборидан четда қолмайдиган кўплаб декоратив элементлардан фойдаланиш ва стандарт белгилаш — буларнинг барчаси my.gov.uz веб-порталидан, шунингдек, унинг мобил иловасидан фойдаланишни сезиларли даражада мураккаблаштиради. Заиф кўрувчилар учун версия ёки „экран сухандони“ каби мавжуд функционаллик бу муаммоларни ҳал қилмайди ва менимча, ортиқча. Шрифтни катталаштириш, контрастни ёки экран сухандонини ўзгартириш — буларнинг барчаси оммалашган операцион тизимларнинг барчасида аллақачон ўрнатилган бўлиб, мавжуд экранга кириш дастурлари контентни етарли даражада таниб олиши ва ўқиши учун фойдаланувчи интерфейсини қайта ишлаш керак холос», — дея ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашади мониторинг гуруҳининг кўриш имконияти чекланган II гуруҳга мансуб ногиронлиги бўлган аъзоларидан бири.

Рақамли фойдаланиш имкониятини таъминлаш учун велосипедни қайта ихтиро қилишга ҳожат йўқ. Ногиронлиги бўлган шахслар учун веб-контентдан фойдаланиш имкониятини таъминловчи глобал стандарт ишлаб чиқилган — Web Content Accessibility Guidelines (WCAG) 2.2. Ногиронлиги бўлган шахслар учун веб-контентдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш бўйича ушбу қўлланмадан кўриш, эшитиш билан боғлиқ нуқсонлар, жисмоний чекловлар, нутқдаги нуқсон, когнитив ва неврологик бузилишлар каби турли хил ногиронлиги бўлган фойдаланувчилар учун веб-сайтлар ва иловаларни янада қулайроқ қилиш бўйича батафсил тавсиялар ўрин олган. Афсуски, WCAG 2.2 глобал стандарти Ўзбекистонда оммалашмаяпти ва шунинг учун ҳали ҳам қонунчилик даражасида тан олинмаган.

Ногиронлиги бўлган шахслар учун давлат хизматларини кўрсатишнинг ягона стандарти

Қулай давлат хизматларини тақдим этиш ногиронлиги бўлган шахсларни жамиятга фаол интеграция бўлишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Давлат хизматлари барча фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётда тўлақонли иштирокини таъминлаш учун ниҳоятда зарур. Давлат томонидан кафолатланган хизматларни олишда ногиронлик, ҳаракатчанликнинг чекланганлиги ёки бошқа омиллар асосидаги ҳар қандай камситишларга йўл қўймаслик муҳим аҳамиятга эга.

Ўтказилган бошланғич мониторинг турли шаклдаги ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ ишларнинг кучли ва заиф томонлари кўрсатиб берди. Икки муассаса жисмоний имконияти ва ҳаракатчанлиги чекланган шахсларнинг ҳаракатланиши учун тўлиқ мослаштирилмаган. Давлат хизматлари марказларидан фойдаланиш имконияти тўғрисида тўлиқ тасаввурга эга бўлиш учун ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида ДХМ бино ва тузилмаларини синчиклаб мониторинг ва экспертизадан ўтказиш зарур.

Биргина пойтахтнинг ўзида мониторинг учун танлаб олинган учта ДХМнинг фойдаланиш имконияти даражаси бир-биридан тубдан фарқ қилмоқда. Давлат хизматларини кўрсатишдаги бундай номувофиқлик ногиронлиги бўлган шахслар ва ҳаракатчанлиги чекланган шахслар учун давлат хизматларини кўрсатишнинг стандартлаштирилмаганлиги натижасидир. Шунингдек, «ягона дарча» ходимларини ногиронликни ижтимоий модел нуқтаи назаридан тушуниш ва улар билан тўғри мулоқот қилиш бўйича ўқитишда, шунингдек, объектлар ва хизматларни ташкил этиш ва уларнинг фойдаланишга қулайлигини таъминлаш билан боғлиқ бошқа масалаларда ягона ёндашувнинг етишмаётганлиги сезилади.

Экспертлар гуруҳи томонидан «Ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш» давлат стандартининг дастлабки версияси ишлаб чиқилди. Ҳужжат тўққиз бўлимдан иборат бўлиб, бинолар, ахборот ва мулоқот воситаларидан фойдаланиш имкониятини таъминлашнинг асосий талаблари, шартлари ва шакллари, ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда этикет ва муомала тўғрисидаги батафсил маълумотларни ўз ичига олади. Стандарт халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда ва Ўзбекистонда қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ тайёрланган.

Масалан, кўплаб ривожланган мамлакатларда объект ва давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш ишларини ташкил этиш ва муассаса ходимларига кўрсатмалар бериш учун масъул ходим ёлланади. Бундай ходимнинг хизмат вазифалари (инглиз тилида: «access/accessibility officer») алоҳида ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. Давлат муассасалари кўрсатилаётган хизматларни мунтазам мониторинг қилиб бориш ва мустақил баҳоланишини таъминлаш мақсадида ногиронлиги бўлган шахслар ташкилотлари билан фаол ҳамкорлик қилади. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар жамоат бирлашмалари давлат муассасалари ходимларини ўқитишни ташкил этади.

Республика бўйича давлат хизматлари марказлари томонидан ягона стандартнинг қабул қилиниши ва қўлланилиши турли шаклдаги ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатишдаги мавжуд тарқоқликка барҳам бериш имконини берган бўларди. Ногиронлиги бўлган шахслар учун давлат хизматларини кўрсатишнинг ягона стандартига риоя қилиш, шунингдек, «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун талабларига, шунингдек, Ўзбекистон томонидан 2021 йил 7 июнда ратификация қилинган «Ногиронларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги» БМТ Конвенцияси тамойиллари ва қоидаларига риоя этилишини таъминлайди. Конвенцияга мувофиқ, ногиронлиги бўлган шахслар ҳаётий фаолиятининг барча жабҳаларида ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда тенг имкониятларга, шу жумладан, ўз эҳтиёжларини қондириш учун барча зарур хизматларни олиш ҳуқуқига эга бўлиши лозим.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.