Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар самарадорлиги рейтингини эълон қилди.

Рейтинг баҳолаш натижаларининг холислигини таъминлаш мақсадида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат бўлган баҳолашни мустақил амалга оширувчи экспертлар гуруҳи шакллантирилган. Баҳолаш натижаларига кўра, 62 та давлат ташкилотининг коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланган.

Хусусан, 12 та ташкилот фаолияти самарадорлиги «яхши» — (81−100 балл), 30 та ташкилот «қониқарли» — (55−80 балл) ва 20 та ташкилот «қониқарсиз» — (55 баллдан паст) тоифаларга ажратилган. Таҳлил натижалари давлат ташкилотлари фаолиятидаги коррупцияга қарши курашиш йўналишида бир қатор камчиликлар мавжудлигини кўрсатган.

Жумладан, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (11 балл), Сув хўжалиги вазирлиги (13 балл), Андижон вилоят ҳокимлиги (18 балл) ва Энергетика вазирлигида (21 балл) коррупцияга қарши ички назорат тизими самарали жорий этилмаган.

коррупцияга қарши курашиш агентлиги, рейтинг
Инфографика: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

«Раҳбарнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича шахсий ташаббуси етарли эмаслиги, жавобгарлик механизмининг белгиланмаганлиги ҳамда самарали коррупцияга қарши курашиш тизимини жорий этиш бўйича эътибор қаратилмаганлиги ташкилотлар фаолияти қониқарсиз баҳоланишига сабаб бўлган», — дейилади ҳисоботда.

Баҳолаш натижаларига кўра, «қониқарли» деб топилган давлат ташкилотлари фаолиятида айрим масалаларга эътиборсизлик билан қараш, шу жумладан, белгиланган тадбирлар ижросини назорат қилиш соҳасида камчиликлар мавжудлиги кузатилган. Шу билан бирга, ушбу идораларда коррупцияга қарши белгиланган талабларнинг доимий равишда бажарилишини назорат қилиш бўйича самарали тизим яратилмаган.

Баҳолаш якунлари бўйича:

  • «яхши» деб баҳоланган давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги ижобий тажрибаси оммалаштирилади
  • «қониқарли» деб баҳоланган давлат ташкилотларига уларнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар киритилади
  • «қониқарсиз» деб баҳоланган давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади.

«Рейтинг баҳолаш тизими коррупцияга қарши курашиш соҳасида белгиланган вазифаларни самарали мониторинг қилиш билан бирга, соҳада соғлом рақобат муҳитини кучайтириш ҳамда ташкилот раҳбарларининг масъулиятини янада ошириш имконини берди», — дейилади хабарда.