11 март куни текширувлар ўтказилаётгани сабаб фаолияти вақтинча тўхтатилган Star Med Center клиникаси ҳали ҳам ишлаётгани маълум бўлди. Ташкилот расман 14 мартдан бошлаб фаолиятини тўхтатди.

Бу ҳақда Star Med’нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида 12 март куни баёнот эълон қилинган. Унда клиника ёпилгани ҳақидаги маълумот асоссиз экани таъкидланган.

«StarMed клиникаси ўз фаолиятини тўхтатгани йўқ. Клиника мутахассислари, стационар ва барча диагностик бўлимларимиз ўз ишларини ҳар доимги иш тартиби бўйича давом эттиришмоқда. Клиникамизда барча турдаги жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун керакли бўлган энг сифатли ускуналар ва тиббиёт аппаратлари мавжуд. Сиз азизлардан турли гап-сўзларга ишонмаслигингизни ва асоссиз маълумотларни тарқатмаслигингизни илтимос қиламиз», — дейилади баёнотда.

Шунингдек, клиника фаолиятини тўхтатмаганини ташкилотнинг директори ҳамда адвокати Qalampir.uz сайтига берган изоҳида ҳам айтиб ўтган.

«Экспертиза жавоблари чиқмасидан олдин, ҳеч ким ҳеч нарса деёлмайди. Клиника бир кун ҳам ёпилмади… Агар айби бўлса қонун олдида ҳамма жавоб беради. Лицензия фақатгина суд орқали ечилади», — дейилади клиника ходими изоҳида.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Жалолиддин Асомиддинов аллақачон клиникани вақтинчалик ёпиш ҳақида Адлия вазирлиги тизими орқали хат чиқарилганини тасдиқлади. Клиника директори эса ушбу хат уларга етиб келмаганини таъкидлаган.

Мазкур ҳолатга нисбатан Адлия вазирлиги маълумот бериб, ҳақиқатдан ҳам ССВ 11 март куни Лицензия ахборот тизими орқали Star Med Center клиникасини вақтинча ёпиш ҳақидаги 33−06793-сонли огоҳлантириш хатини киритганини маълум қилди. Клиника Лицензия ахборот тизимидаги кабинетига кирса кўринади, дея изоҳлади вазирлик матбуот котиби Севара Уринбаева «Газета.uz»га.

Воқеалар ортидан 14 март куни ССВ баёнот билан чиқиб, 13 март куни тегишли ҳужжатлар қоғоз шаклида такроран клиниканинг почта ва фаолият манзилига жўнатилганини айтди.

«Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли қарори билан „OMAD PLYUS“ масъулияти чекланган жамиятига тегишли ушбу хусусий тиббиёт муассасаси 2023 йил 14 март кунидан бошлаб, 10 кун муддатга ўз фаолиятини тўхтатганини вазирликка маълум қилди», дейилади хабарда.

Фарҳод Маннопов вафоти ҳақида

MittiVine тахаллуси билан ижод қилиб келган таниқли вайнер ва блогер Фарҳод Маннопов 5 мартга ўтар кечаси вафот этганди. Унинг ўлими юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) билан жиноят иши қўзғатилди.

Кейинроқ блогер Фарҳод Маннопов вафоти бўйича шифокорларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинлангани ҳақида хабар берилди.

Маълумот учун, MittiVine тахаллуси билан ижод қилган 27 ёшли вайнернинг Instagram саҳифасидаги обуначилари сони 1,1 млн дан ортиқни ташкил этарди. Ижодкор вафотидан сўнг уларнинг сони яна 2 минг нафарга ортди.