Жиззах вилоятида ички ишлар органларини обрўсизлантиришга қаратилган видео тайёрлаб, уни ижтимоий тармоқларда тарқатган фуқаролар қамалди, дея хабар бермоқда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати.

Видеода ҳайдовчини тўхтатган ИИО ходими ролидаги эркак, унга ютуқли ўйинда қатнашиш имкони пайдо бўлганини айтиб, 100 доллар тикиб, пулини икки бараварга кўпайтириши ёки пулдан айрилиши ҳақида гапирганини кўриш мумкин.

Ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, фуқароларнинг шахсига аниқлик киритилган. Тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол тумани суди томонидан кўриб чиқилган.

«Ўзим вайн соҳасида кулги йўналиши бўйича видеолар қилиш бўйича ишлайман. Ҳозирги видеони ҳам ўзим билмаган ҳолда беш кун олдин Россия каналларининг бирида кўриб, таржима қилганман ва Ўзбекистонга чиқарганман. Лекин бундан мақсад бирор орган ходимининг устидан кулиш эмас, одамларга соф кулги улашиш мақсадида қилганман. Ходимларнинг формасидан фойдаланиш мумкин эмаслигини ҳозир тушунтиришди, бу бошқа такрорланмайди», — деди видео қаҳрамонларидан бири суд мажлисида.

Суд ҳукмига кўра, улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) билан айбдор деб топилган. Бирига 15 сутка, бошқасига эса 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.