8 июндан «сариқ» ва «яшил» ҳудудларда жамоат транспортида шаҳар (туман) ва шаҳар атрофи йўналишлари бўйича автобус ҳаракатларига рухсат берилди.
Халқ таълими тизимида масофавий таълимни ривожлантириш мақсадида «Online Maktab» лойиҳаси давом эттирилиши режалаштирирлмоқда. Тегишли қарор лойиҳасига кўра, 1 августдан телевизион видеодарсларни тасвирга олиш йўлга қўйилиши кутилмоқда ва 1 сентябргача ягона марказлашган maktab.uz платформаси яратилади.
Шавкат Мирзиёев бош вазир биринчи ўринбосари Ачилбай Раматовга чегарадош ҳудудларга бориб у ердаги муаммоларни ўрганишга топшириқ берди. Алоҳида урғу чегарадош ҳудудлардаги камбағалликни камайтириш ва аҳоли яшаш даражасини ривожлантиришга қаратилади.
Канада ҳукумати Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши кураш учун 185 минг АҚШ доллари ажратади.
Шавкат Мирзиёев Туркиянинг «Каlyon» компанияси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган Тошкент шаҳрининг транспорт концепцияси билан танишди. Концепцияда устуворлик пиёдалар, велосипедлар ва жамоат транспорти ҳаракатига берилган.
Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона аҳолисининг ҳаёти ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида Фарғона вилоятига жўнаб кетди.
1 июлдан хорижий авиакомпаниялар ўз йўловчилари тўғрисидаги маълумотларни ДХХнинг чегара қўшинларига мажбурий равишда тақдим этади. Маълумотлар Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг стандарт форматида берилиши белгиланган.
40 нафардан ортиқ Фанлар Академиясининг ёш олимлари кўп қаватли уйлар учун биринчи тўловни 2019 йил ноябрда тўлаб беришган. Сергели туманидан ажратилиши керак бўлган уйлар юзасидан, Сенат қўмитаси Тошкент шаҳар ҳокимига сенатор сўрови юборди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон хорижлик сайёҳларни қабул қилишни Туркия билан бир вақтда бошлашини маълум қилди. «Қаерда бизни қабул қилишга тайёр бўлса, биз ҳам тайёр бўламиз. Биз дарров самолётларимизни учирамиз», — дея таъкидлади давлат раҳбари.
Сўх туманидаги барча муаммоларни бартараф этиш учун 1 трлн сўмга яқин маблағ ажратилиши режалаштирилмоқда. Бу масала бўйича президент қарори лойиҳаси тайёрланмоқда. Cўхлик ёшларнинг олий ўқув юртларига қабул қилиниши учун 500 та квота ажратилади, улар олий ўқув юртларига имтиҳонларни ўз она тиллари — тожик тилида топширишлари мумкин бўлади.
Сўх тумани ички ишлар бӯлимига Раҳимбердиев Қосимжон раҳбар этиб тайинланди. ИИБнинг олдинги раҳбари Сўх туманига ҳоким этиб тайинланган эди.
«Иш услубимиз шундай бўлиши керак: 50 фоиз карантин, 50 фоиз иқтисодиёт» — президент пандемия шароитида камбағалликни қисқартириш бўйича чора-тадбирларга эътибор бериш кераклигини таъкидлади. Иқтисодий комплекс аъзоларига Хитой тажрибасини ўрганиш тавсия этилди.
Фарғона вилояти Сўх туманига Сайидбаҳром Сайидмусаев ҳоким этиб тайинланди. У 2019 йилдан буён туман ички ишлар бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган эди.
Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билиш талаб этилишини кўзда тутган ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди. Унга кўра, фуқароликни олиш учун талабгорлар ўзбек тилини билиш даражасини аниқловчи имтиҳондан муваффакқиятли ўтиб, тегишли сертификатга эга бўлишлари шарт бўлади.
Президент фармонига биноан, давлат органларида халқаро рейтинглар билан ишлаш масаласини мувофиқлаштириш мақсадида Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ташкил этилади ва у Парламент назорати остида бўлади. Шунингдек, 1 октябрга қадар «Ўзбекистон Республикаси халқаро рейтингларда» ягона портали ишга туширилади.
Президент топшириғи билан бир гуруҳ ҳукумат аъзолари ва вазирлар Сўх туманига вертолёт орқали етиб келишди. Улар тумандаги муаммоларни ўрганиб, уларни бартараф этиш бўйича дастур ишлаб чиқади.
Бош вазир Абдулла Арипов Сўх-Риштон йўли 2019 йил августида очилганидан икки кун ўтиб Қирғизистон аъзо бўлган ЕОИИ талаби билан ёпилганини маълум қилди. Қирғиз делегацияси билан учрашувда йўлни қисқа муддатларда очиш масаласи яна кўтарилди.
ИИВ ППХ ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармасига Азизхон Умархонов бошлиқ этиб тайинланди. Бунга қадар у Тошкент ИИББ бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
Ўзбекистон ва Қирзиғистон президентлари телефон орқали мулоқотда «Чашма» чегараолди ҳудудида рўй берган ҳодиса билан боғлиқ масалаларни батафсил кўриб чиқиб, бундай вазият бошқа такрорланмаслиги учун мукаммал чоралар қабул қилиш муҳим эканини таъкидладилар.
МТРКнинг собиқ раиси ва АКТ вазири бўлиб ишлаган Хуршид Мирзоҳидов мамлакатнинг Қирғизистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланди. У Бишкек шаҳрига етиб борди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг