Канада ҳукумати Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши кураш учун 250 минг Канада доллари (185 минг АҚШ доллари) ажратади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.

Маблағ ажратиш масаласи 4 июнь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва Канада Ташқи ишлар вазири Франсуа-Филипп Шампан ўртасида телефон орқали бўлиб ўтган суҳбат чоғида кўриб чиқилди.

Шунингдек, ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан Ўзбекистон-Канада муносабатларининг ҳолати ва фаоллаштириш истиқболлари, савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

«Канада бизнесининг Ўзбекистон бозорига фаол кириши ва қайта тикланадиган энергия, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида юқори технологияли инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдан манфаатдорлик изҳор этилди», — дейилади вазирликнинг хабарида.

Бундан ташқари, вазирлар БМТ ва унинг ихтисослашган институтлари доирасидаги икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар.