Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига «Халқ таълими тизимида онлайн таълим бериш фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Унга кўра, коронавирус пандемияси даврида жорий этилган «Online-maktab» лойиҳаси давом эттирилиши ва такомиллаштирилиши кўзда тутилган. Телевизион видеодарс ва видеомашғулотларни доимий тасвирга олишни ташкил этиш учун «O‘zbekiston MTRK Mediamarkazi» биносида махсус телестудия ажратилади ва техник талаблар асосида жиҳозланади ҳамда 1 августдан бошлаб, 2020/2021 ўқув йили учун телевизион видеодарсларни тасвирга олиш йўлга қўйилади.

Шу билан бирга, «online-maktab» лойиҳаси доирасида телевизион видеодарслар ҳар ўқув йили давомида эфирда намойиш этиб борилиши режалаштирилмоқда.

Қарор лойиҳасида қайд этилишича, лойиҳаларга жалб этиладиган ўқитувчиларга ҳар бир телевизион видеодарс ва видеомашғулотлар учун (асосий иш ҳаққидан ташқари) базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизи миқдорида, муҳаррир ва сурдопедагогларга ҳар бир ишлаган куни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ тўланади. Бу эса, ўз ўрнида, Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармасининг тизимни рақамлаштиришга йўналтирилиши режалаштирилган маблағлар ҳисобидан қопланади.

Шунингдек, «online-maktab» лойиҳаси доирасида телевизион видеодарслар тайёрлаш бўйича илғор халқаро тажрибалардан фойдаланилган ҳолда ўқувчиларни PISA, PIRLS, TIMSS, TALIS ва STEAM каби етакчи халқаро баҳолаш дастурлари ва тадқиқотларга тайёрлаш ва ўқувчиларда ижодий ва танқидий фикрлаш, ахборотларни таҳлил қилиш, етакчилик, коммуникативлик, ҳамкорликда ишлаш, муаммоларни ечиш каби XXI аср кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш лойиҳанинг асосий вазифалари сифатида белгиланган.

«Мамлакатдаги эпидемиологик вазият оғирлашиб, карантин қоидалари кучайтирилган тақдирда „online-maktab“ рукни остида телевизион видеодарсларни тасвирга олиш жараёни Республика махсус комиссия томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади», — дейилади хабарда.

1 сентябрга қадар телевизион видеодарслардан фойдаланишда ўқувчилар, ўқитувчилар ва ота-оналарга қулайлик яратиш мақсадида www.maktab.uz платформаси яратилиши ва умумтаълим тизимида ягона марказлашган виртуал (онлайн) мактаб сифатида татбиқ этилиши қарор лойиҳасида таъкидланади.

Эслатиб ўтамиз, 15 май куни Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов «Газета.uz» нашрига берган интервьюсида «Online Maktab» лойиҳаси тақдири ҳақида тўхталиб ўтганди.