Президент Шавкат Мирзиёев 4 июнь куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Туркиянинг «Каlyon» компанияси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган Тошкент шаҳрининг транспорт концепцияси билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу концепция геоинформацион тизим орқали шаҳардаги транспорт ва йўловчилар оқимини таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган. Ундан мақсад, аввало, хавфсизлик, қулайлик ва иқтисодий унумдорликдир.

Тақдимотда, «Ўзбекистон 24» телеканали хабар берганидек, Шавкат Мирзиёев бундай концепция Тошкентда биринчи марта жорий этилаётганлиги ҳақида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, концепцияни амалга ошириш нафақат йўл инфратузилмаси ва ҳаракатланишни соддалаштиради, балки атроф-муҳит ва фуқаролар саломатлигини яхшилайди.

13 йўналишдан иборат бўлган мазкур концепция пиёдалар ва велосипедчиларни биринчи ўринга қўяди, кейин жамоат транспорти ва шундан кейингина шахсий автомашиналарни.

Концепцияда, шунингдек, автоматик тўлов тизимини ривожлантириш, автомобиль тўхташ жойлари ва пиёдалар ўтиш йўлакларини кўпайтириш каби қатор қулайликлар назарда тутилган.

Президент пиёдалар ва велосипедлар ҳаракатига кўпроқ шароит яратиш зарурлигини қайд этди.

«Бизнинг йўлларда транспорт воситаларига кўп устуворлик берилган. Аслида пиёдалар ҳаракатини, одамларнинг ҳаловати, саломатлигини биринчи ўринга қўйиш керак», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Транспорт концепциясини Тошкент шаҳрининг битта туманида апробация қилиш, кейинчалик бутун пойтахтда ва бошқа шаҳарларда жорий қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, тақдимот давомида давлат раҳбарига Сергели туманини пойтахт маркази билан боғловчи йўл ва кўприк лойиҳаси ҳақида маълумот берилди.


Умумий қиймати 280 млрд сўмдан зиёд бўлган мазкур лойиҳа Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан Туркиянинг «Каlyon» компанияси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган. Унга кўра, Чўпонота кўчаси ва Кичик ҳалқа йўли кесишмасида 583 метрлик йўл ўтказгич барпо этилади. Бу чорраҳадан Тошкент ҳалқа автомобиль йўлигача янги кўча қурилиб, ҳалқа йўли остидан туннель орқали ўтказилади ва Қипчоқ кўчасида қурилаётган янги кўприкка туташади.


Жами 5,6 километрлик бу йўл соатига 3 мингта транспорт воситасини ўтказиш қувватига эга бўлади.

Маълумки, ҳозирги кунда Сергели туманидан шаҳар марказига келиб-кетадиган автомобиллар асосан битта йўл — Янги Сергели кўчаси орқали ҳаракатланади. Шу боис унда қатнов жуда кўп, юклама катта. Айниқса, эрталаб ва кечга яқин бу кўча тирбанд бўлиб қолади. Ушбу янги йўл ва кўприклар қурилиши натижасида Сергели туманига транспорт қатнови тирбандлиги 50 фоизга, транспорт ҳаракати вақти 20−25 минутга камаяди.

«Одамларнинг ҳар кунлик режаларига, кайфиятига, соғлиғига таъсир қиладиган энг катта омил — транспорт тақсимоти. Йўллар қуриб, тирбандликни камайтиришдан мақсад шаҳар аҳолиси ва меҳмонларга қулайлик яратишдир. Бу ишларни бугун қилмасак, йилдан йилга қийинлашиб бораверади. Бугун қилсак, келажакда харажат камаяди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Маълум қилинишича, йўл ҳаракатини тўғри ташкиллаштириш натижасида йилига 19 миллион долларлик ёқилғи тежалиши, 129 миллион долларлик тахминий зарарнинг олди олиниши ҳисоб-китоб қилинган. Ёки автобуслар сони ва йўналишларини оптималлаштириш орқали йилига 2,5 миллион доллар иқтисодий самарага эришиш мумкин.