Сўх туманидаги барча муаммоларни бартараф этиш учун 1 трлн сўмга яқин маблағ ажратилиши режалаштирилмоқда. Бу тўғрисида президент қарори лойиҳаси тайёрланмоқда дея хабар берди Сўх тумани ахборот хизмати .

Президент топшириғи билан туманга ташриф буюрган турли вазирликлар ўз соҳалари бўйича икки кун давомида мавжуд муаммоларни ўрганиб, уни тўлалигича бартараф этиш учун дастур лойиҳаси ишлаб чиқишган. Дастурда Сўх — Риштон йўли ва бошқа мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида таклифлар билдирилди.

Ҳудудда инвестиция соҳасида жорий йил давомида қиймати 101 млрд сўм бўлган 73 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Бунинг натижасида 4,5 минг янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда. Банклар кўмагида 82 лойиҳа амалга оширилиб, Сўх тумани учун 153 млрд сўм кредит йўналтирилади.

Туманда олий маълумотли кадрлар етишмовчилиги сабабли, сўхлик ёшларнинг олий ўқув юртларига қабул қилиниши учун 500 та квота ажратиладиган бўлди. Туманда янги мактаб ва қўшимча бинолар қурилиши режалаштирилди. Сўхлик ёшлар олий ўқув юртларига қабул қилинаётганида ўз она тиллари — тожик тилида имтиҳон топширишлари ҳам йиғилишда маълум қилинди.

Сув хўжалиги вазирининг маълумотларига кўра, туманда сув захираси етарли, аммо асосий муаммо унинг етказиб берилишида. Симодон, Касминон, Ҳушёр, Малбуд ва Варган ҳудудларида икки ой давомида тик қудуқлар ўрнатилиб, бўш турган ерлар ўзлаштирилади. Тумандаги эски аэродромни қайта таъмирлаб, вилоят марказига ҳаво йўллари орқали бориб келишни йўлга қўйиш масаласи ҳам эътиборда эканлиги айтилди.

Йиғилиш давомида сўхлик тадбиркорнинг цемент заводи қуриш бўйича тайёрлаган лойиҳаси ҳам қўллаб қувватланиб, ушбу таклифни амалга ошириш учун тегишли вазирликларга топшириқлар берилди. Бундан ташқари, олтита маҳалла фуқаролар йиғинида кичик саноат ҳудудлари ташкил этилиши белгилаб олинди. 3 та дам олиш маскани яратиладиган бўлди.

Тумандаги марказий шифохона ҳамда қишлоқ врачлик пунктлари замонавий қиёфада таъмирланиб, замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланади.