Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси Ўзбекистон Фанлар Академиясининг 42 нафар ёш олимига уй берилмаётгани масаласи юзасидан сенатор сўрови юборди. Бу ҳақда Парламент юқори палатасининг ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 2019 йили президентнинг фармонига асосан Фанлар Академиясининг 42 нафар ёш олими учун пойтахтдаги Сергели туманидан кўп қаватли уй-жой тақдим қилиниши керак бўлган. Банк ходимлари, Академия раҳбарлари уй-жойга муҳтож илмий ходимлар комиссия орқали аниқланиб, 42 та икки ва уч хонали 7 каватли уй ажратилган. Уйларга даъвогар олимлар томонидан 2019 йил ноябрь ойигача 1 млрд 350 млн сўмдан ортиқ пул маблағлари тўлаб берилган. Бироқ ушбу уйлар 2020 йил январь ойида қуриб битказилган бўлса-да, улар ёш олимларга берилмаган.

Мазкур масала Олий Мажлис Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан назоратга олиниб, ёш олимлар дуч келаётган муаммолар юзасидан изоҳ сўраб Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга сенатор сўрови юборилди.

Аввалроқ Troll.uz каналида жойлаштирилган бир гуруҳ ёш олимларнинг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга қилган мурожаатлари ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлганди. Мурожаатда 42 нафар ёш олим томонидан уларга ажратилган уйлар учун бошланғич тўлови тўланган бўлиб, бироқ шу кунгача улар мазкур уйни расмийлашитиршда ва уларга кўчиб ўтиш бўйича ижобий ечим топилмаганини таъкидлашган.

«Ушбу уй масаласида бизни ўйлантираётган муаммо 2020 йил 1-июлдан уй таннархи кўтарилиши ҳамда унга 15% қўшимча қиймат солиғи қўшиб ҳисобланишидир. Бунинг устига, ипотека кредити учун имтиёзлар хам ўзгаради. Банк вакиллари бу ҳақда бизни огоҳлантиришди. Бунда уйга эҳтиёжманд ҳар бир илмий ходим яна қўшимча маблағ тўлаши керак бўлади, афсуски, бизнинг бунга қурбимиз етмайди. Шундоқ ҳам ўтган 2019 йил охиригача кўчиб чиқиш умидида бошланғич тўлов учун қарз кўтарган ҳамкасбларимиз талайгина», — дейилади ёш олимларнинг мурожаатида.

Шунингдек, мурожаатда бугунги кунгача ушбу ёш олимларнинг бир қисми оғир ва қийин аҳволда оилалари билан ётоқхоналарда, бир қисми эса ойига 2−3 млн сўм атрофида пул тўлаб ижарада турганлиги маълум қилинади.