1 июлдан Ўзбекистонга парвозларни амалга ошираётган хорижий авиаташувчилар ўз йўловчилари тўғрисидаги дастлабки маълумотларни Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг (ИКАО)нинг стандарт форматида Давлат хавфсизлик хизматининг чегара қўшинларига тақдим этади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар берди.

Хабарга кўра, ИКАО стандартлари ва тавсия этиладиган амалиётини ҳисобга олган ҳолда чегара назорати тартиб-таомиллари самарадорлигини ошириш ва соддалаштириш мақсадида хорижий мамлакатлар ҳаво кемаларининг барча эксплуатантлари томонидан йўловчилар бўйича дастлабки маълумот тақдим этилишининг мажбурий тартиби жорий этилди.

Таъкидланишича, хорижий мамлакатлардаги авиация маъмуриятлари ва хорижий авиаташувчилар ДХХ чегара қўшинларига халқаро ташувчилар томонидан йўловчилар тўғрисидаги дастлабки маълумот мажбурий равишда тақдим этилиши тизими амалга киритилиши тўғрисида хабардор қилинадилар.

«Ўз навбатида, мазкур тартибнинг жорий этилиши хорижий туристларнинг мамлакатга келишлари, бўлишлари ва республика ҳудудидан чиқиб кетишларида қўшимча қулайликлар яратишга хизмат қилади», — дейиладида хабарда.

Эслатиб ўтамиз, бош вазир ўринбосари — Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов «Газета.uz»га «қизил», «сариқ» ва «яшил» авиарейсларни ташкил этиш режалаштирилаётганини маълум қилганди.