Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билиш талаб этилиши тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган мазкур қарор лойиҳасига кўра, «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19 ва 20-моддаларида Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилишда чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсдан Давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билиш талаб этилиши белгилаб қўйилди.

Шу билан бирга, чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахслардан ўзбек тилини билиш даражасини аниқлаш учун имтиҳон ўтказиш тартибларини жорий этиш ҳам кўзда тутилган.

Бунда, Давлат тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳонини ўтказиш ва давлат намунасидаги малака сертификатини бериш Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети (ТДЎТАУ) ҳузуридаги давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ёки унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан тўлов асосида (базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи миқдорида — ҳозирда 44 600 сўм) амалга оширилиши қарор лойиҳасида қайд этилган.

Мазкур имтиҳон талабгорнинг доимий яшаш жойи бўйича ҳудудий марказида ўтказилиб, давлат тилини билишга қўйиладиган минимал талаблар асосида тест шаклида амалга оширилади. Тест синови Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган имтиҳон комиссияси аъзолари ва кузатувчилар иштирокида ўтказилади.

«Тест саволлари сони 20 та бўлиб, 30 дақиқа вақт берилади. Тест синови якунлари бўйича энг юқори баллнинг 50 фоизидан кам (15 баллдан кам) балл олган талабгор ўтмаган деб ҳисобланади ва қайта қатнашиш учун, тест синовлари ўтказилган кундан бошлаб камида бир ойдан кейин, белгиланган тартибда ариза билан мурожаат қилиб, тўлов тўлаган тақдирда тест синовларига қўйилади», — дейилади қарор лойиҳасида.

Қарор лойиҳасига мувофиқ, Давлат тилини билишга қўйиладиган минимал талаблари қаторида талабгорларнинг нутқий, лингвистик ва матнни тушуниш компетенциялари текширилади ва муваффақиятли ўтган талабгорларга давлат намунасидаги малака сертификати топширилади.

Ҳужжат лойиҳасининг муҳокамаси 16 июнгача давом этади.