Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг собиқ раиси ҳамда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири бўлиб ишлаган Хуршид Мирзоҳидов мамлакатнинг Қирғизистондаги фавқулодда ва мухтор элчи этиб тайинлади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди. У Бишкек шаҳрига етиб борди.

Тайинловга қадар Хуршид Мирзоҳидов Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган.

Маълумот учун, Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги собиқ элчиси Комил Рашидов 2019 йил 27 августда Ўзбекистон бош вазирининг маслаҳатчиси этиб тайинланганди.

Хуршид Мирзоҳидов (1971 йили туғилган) Тошкент электротехника алоқа институтини тамомлаб, иш фаолиятини алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги корхоналарда турли лавозимларда ишлаган. 2004 йилда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши Академияси қошида олий бизнес мактабида тижорат бошқариш магистри.

1999−2001 йилларда — Почта ва телекоммуникациянинг ривожланишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси молия бўлими бошлиғи ва жамғарма директори, 2001−2002 йилларда — «Ўзбектелеком» АК Бош директори ўринбосари, кейинчалик 2002−2003 йилларда — Вазирлар Маҳкамаси Алоқа ва ахборот технологиялари комплекси раҳбари котибиятининг мудири, 2003−2004 йилларда — Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директори ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.

Меҳнат фаолияти давомида Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директори (2012 йил), Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологияларини ривожлантириш вазири (2015−2017) ва МТРК раиси (2017) бўлиб ишлаган.