1 июнь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бир кун муқаддам ўзбек-қирғиз чегарасидаги Чашма булоғи яқинида содир бўлган келишмовчиликни бартараф этиш учун Фарғона вилоятининг Сўх туманига борди.

Маҳаллий аҳоли билан учрашувда Сўх-Риштон йўлининг очилиши масаласи ҳам кўтарилди. Унинг очилиш маросими 2019 йилнинг 30 август куни бўлиб ўтган, бироқ 5 сентябрда йўл «ҳали тўлиғича очилмагани» маълум бўлган эди.

Қирғизистон бош вазири ўтган йили Жениш Разаков ўтган йили Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) доирасида Қирғизистон олдида ветеринар ва фитосанитар хавфсизлик бўйича мажбуриятлар борлиги сабабли у билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш лозимлигини таъкидлаган эди.

Абдулла Арипов ҳам йўлнинг ёпилиши ЕОИИ талаблари билан боғлиқ эканини тасдиклади.

«Ўтган йили Риштон-Сўх йўлини очиш масаласини қўйгандик. Икки кун ишлади, тўғрими, кейин яна ёпилди. Бугун учрашувда Қирғизистон делегацияси раҳбари бунинг учун узр сўради. Улар Евроосиё иттифоқига аъзо бўлгани учун, уларнинг талаби билан ёпишга мажбур бўлган», — деди бош вазир.

Бироқ яқин вақтларда вазият ўзгариши кутилмоқда. «Хабаринглар бор, Ўзбекистон ҳам иттифоққа кузатувчи сифатида аъзо бўляпти. Кузатувчи ҳам ҳамма ҳуқуқларга эга бўлади», — дея қайд этди ҳукумат раҳбари.

«Қирғизистон томонига биринчи бўлиб Риштон-Сўх йўлини қисқа муддатда очиш масаласини қўйдик. Бу дегани Фарғонага ёки Водилга олиб борувчи йўл 80 километрга қисқаради. Энди у [Қирғизистон ҳукумат раҳбари] давлат раҳбарига бориб айтади. Мен ҳам Президентга бу ердаги гаплар бўйича ҳисобот бераман», — деди Абдулла Арипов.

11 май куни Олий Мажлис Сенатида кўпчилик овоз билан Ўзбекистоннинг ЕОИИга кузатувчи сифатида иштирок этиши маъқулланган эди.