2 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасининг Халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида» ги фармонни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фармонда қайд этилишича, бир қатор халқаро рейтингларда мамлакатнинг кўрсаткичлари сезиларли юқорилаганига қарамай айрим раҳбарлар рейтинглар билан ишлашга етарлича эътибор қаратмаётганлиги ва халқаро ташкилотлар томонидан ўтказилаётган сўровларда аксарият ислоҳотлар ўз аксини топмаётганлиги оқибатида устувор халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон қуйи поғоналарда қолмоқда.

Шу боис, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ва халқаро майдондаги имиджини мустаҳкамлаш, давлат органлари ва ташкилотларида халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашнинг янги механизмларини жорий қилиш мақсадида Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ташкил этилади.

Кенгашнинг асосий вазифалари қаторида Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий тараққиёт даражасини тизимли таҳлил қилиб бориш, амалга оширилаётган ўзгаришларнинг халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилаш мақсадларига хизмат қилишини таъминлаш белгиланган.

Муҳим ўзгаришлардан бири Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш тизимининг комиссияси эндиликда Республика кенгаши Парламент назорати остида бўлади. Сенат раиси Кенгашга раҳбарлик қилади. Бундан ташқари, Кенгаш ишчи органлари сифатида Молия вазирлиги ва Адлия вазирлиги белгиланган. Улар мос равишда ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинглар бўйича иш олиб боришади.


Халқаро рейтинг ва индекслар билан тизимли ишлашнинг аввалги ва янги механизми

Манба: Молия вазирлиги

Фармон билан шунингдек, Ўзбекистон учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индекслар бўйича самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичлари (KPI) тасдиқланди. Шу билан бирга, масъул давлат органларининг биринчи раҳбарлари ҳар чорак якуни кенгаш ишчи органларига зарур статистик ахборотлар ва бошқа материалларни тақдим этади.

Бундан ташқари, фармонга мувофиқ, Адлия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида адлия органлари ва муассасалари бошқарув ходимларининг чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида 6 та штат бирлигидан иборат Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бошқармаси ташкил этилади.

Қайд этилишича, 1 октябрга қадар Интернет тармоғида «Ўзбекистон Республикаси халқаро рейтингларда» ягона портали ишга туширилади. Бунда, кенгаш ишчи органлари Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда портал фаолиятининг узлуксиз ишлашини таъминлаш ва уни янгилаб бориш учун масъул этиб белгиланди.