3 июнь куни Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш масалаларига бағишланган видео селектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Президент коронавирус пандемияси даврида иқтисодий муаммоларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратган.

«Биласизлар, бизда 50 тага яқин шаҳар ва туманларимиз „қизил“ ва „сариқ“ ҳудудлар ҳисобланади. Бу дегани хавф-хатар ҳали борлигидан далолат. Дунёда вазият ҳамон ўта оғир ва мураккаблашиб бораяпти. Мана кўп олимлар, мутасаддиларни агар ўқисангиз, куз билан қишда коронавирус тарқалиши давоми этиши мумкинлиги тўғрисида гапиряпти. Булар бекорга гапирмаяпти. Биз ҳамма нарсага тайёр бўлишимиз керак. Бу қанча давом этади, ҳеч ким билмайди. Иқтисод нуқтаи назаридан, ҳар бир кунимиз бизга қарши ишлаяпти», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев пандемия кўп соҳаларда иш ўринларини яратишга, камбағалликка қарши курашишга катта зарар етказганини таъкидлади.

«Бу шароитда ишлашга, яшашга ўрганишимиз керак. Бошқа йўлимиз йўқ. Иш услубимиз шундай бўлиши керак: 50 фоиз карантин, 50 фоиз иқтисодиёт. Пандемия шароитида энг қудратли давлатлар ҳам, кўриб турибсизлар, иқтисодиётда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича жуда катта иш қилаяпти. Биз йил бошидан устувор вазифамиз деб белгиланган камбағалликни қисқартириш бўйича чора-тадбирлар қилганимиз учун натижа бўлаяпти. Аҳоли кўпайяптику. Худога шукур, халқимиз ёшаряпти. Лекин ҳар бир ёшга биз уй беришимиз керак. Мана шуни биз ҳозир ўйлаяпмиз: қайси йўл энг тўғри бўлади?», — деди у.

Иқтисодий комплекс аъзоларига ойида икки кун ҳамма иқтисодий секторга бўлинган одамларни ўқитиш бўйича топшириқ берилди. «Кредит бериш қандай, пулни пул қилиш бўйича имконият, берган кредитимизнинг ҳалол бўлиши учун қаердан сотиб олади. 3 сўтихни нима қилса бўлади Наманган шароитида? 30 сўтихда Қашқадарё билан Жиззах шароитида нима қилса бўлади?» — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Хитой тажрибасини мисол қилиб келтирди. «Хитойни кўпроқ ўқинглар, Дэн Сяо Пин ким қанча кўпроқ ўқиса, энг катта кучини одамларни ўқитишга берган. Оддий ўқитишга, олийгоҳда ўқитиш эмас. Эчки боқиш қандай, курка боқиш қандай, балиқ боқиш қандай. Ҳар бир хонадонга икки метрлик сув қилиб берар эканда, ўша ерда балиқ ушлар экан», — дея таъкидлади у.

Шавкат Мирзиёев камбағилликни камайтириш бўйича алоҳида Хитой тажрибасини ва бошқа давлатлар тажрибасини ўрганадиган институт ташкил этишни таклиф қилди.

«Фақат янги-янги драйверлар бўлиши керак. Энг катта камчиликларни билиб, Ўзбекистон шароитида камбағалликни қисқартириш бўйича нима қилса бўлади. Альтернатива бўлиши керак. IT технологияларини ривожлантириб, харажатни камайтириб, иш жойини кўпайтириб, камбағалликни қисқартириш, бошқа манда мақсадим йўқ», — деди давлат раҳбари.

Йиғилишда туризмни тиклаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

«Мана 1 июндан бошлаб ички туризмни ривожлантиришга катта эътибор бердик. Энди шу билан бирга ташқи туризмда ҳам қаерда улар бизни қабул қилишга тайёр бўлса, биз ҳам тайёр бўламиз. Биз дарров самолётларимизни учирамиз. Мана, Туркия билан гаплашаяпмиз, улар ташқи туризмни очганидан, биз ҳам очамиз», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.