Фарғона вилояти Сўх туманига янги ҳоким тайинланди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Хабарга кўра, халқ депутатлари Сўх тумани кенгаши йиғилишида 2019 йилдан буён туман ички ишлар бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган Сайидбаҳром Сайидмусаев Сўх тумани ҳокими этиб тайинланди.

С.Сайидмусаев 1970 йилда Қўштепа туманида туғилган. Фарғона давлат университети, ИИВ академиясини тамомлаган. Қува, Бешариқ туман ҳамда Қўқон шаҳар ИИБ бошлиғи ҳамда вилоят ИИБ жиноят қидирув бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаган.

Йиғилишда президент Администрацияси масъуллари, бош вазир ӯринбосарлари, республика вазирлик ва идора раҳбарлари, Фарғона вилояти ҳокимининг ӯринбосарлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ва бошқалар иштирок этган.

«Албатта, бир неча кун олдин чегара ҳудудидаги бӯлган нохуш ҳолат кӯп нарсаларни қайтадан кӯриб, қайтадан қарашга ҳаммамизни мажбур қилди. Бевосита Президентимизнинг топшириқлари билан мен бошчилигимда вазиятни ӯрганиш учун мутасаддий идоралар раҳбарлари етиб келишди. Биринчи навбатда вилоят раҳбари Ғаниев Шӯҳрат Мадаминович ва бошқа раҳбарлар етиб келиб вазиятни чуқурланишига йӯл қӯймаган», — дея таъкидлаган йиғилишда қатнашган бош вазир Абдулла Арипов.


Олдинроқ, Сўх туманининг аввалги ҳокими Фаррух Усаров лавозимидан озод қилинганлиги ҳақида хабар берган эдик.

31 май куни Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегараси «Чашма» участкасида Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош ҳудудлари аҳолиси ўртасида низо келиб чиққани ҳақида хабар берилган эди.

Вазирликлар ва вилоят бошқармалар раҳбарлари Сўх туманида бўлиб, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида манзилли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқди.