3 июнь куни ҳудудларда камбағалликни қисқартириш масаласига бағишланган видеоселекторда президент Шавкат Мирзиёев Сўх туманидаги воқеаларга тўхталиб ўтди.

Йиғилишда давлат раҳбари бу ҳудуддаги оғир вазият «кеча ёки бугун» пайдо бўлмаганига, бу ерда одамлар ишсизлик ва яшаш шароити оғирлигидан азият чекиб келганигилиги ҳақида гапирган.

«Айниқса, чегарадош ҳудудларда камбағалликни камайтириш ва шу туманлар иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли учун зарур шароитларни ташкил этиш бўйича алоҳида ёндашув бўлиши керак. Мана, [бош вазирнинг биринчи ўринбосари Ачилбай] Раматовга қўшимча топшириқ берилди. Ҳар ойда иккитадан чегарадош ҳудудда бир ҳафтадан яшайди… Билардику, шу чегарадош ҳудудни. Нега бориб Сўхда ётиб келмаган?!» — деди президент.

Шавкат Мирзиёев чегара ҳудудларининг алоҳида рўйхати тузилишини, унда бош вазирнинг биринчи ўринбосари инфратузилма ҳолати ва бошқа масалаларни ўрганишини таъкидлади.

«Бизни олдинроқ огоҳ қиладиган тизим яратишимиз керак. Чегарадош ҳудудларнинг суви қандай, жойи қандай, хавфсизлиги қандай, вазият қандай, ичкаридаги муҳит қандай — Раматов бош. Кейин сиз етиб борасиз (А.Арипов — таҳр). Раматов диагноз қўяди, даволашга сиз. Диагноз деганим, ҳамма нарсани билиш керак. Мана, ўзингиз кўрдингиз одамларнинг кайфиятини. Оддий-оддий масалалар-ку! Ҳеч қийин масала қўйилгани йўқ, бемалол ҳал қилса бўлади» — деди у (иқтибос Kun.uz нашридан).

«Йиллар давомида [Сўх туманига] ҳеч ким бормаган. Жуда бўлмаса „у халқ ёмон, оғир халқ“ деганмиз. Нимага ёмон, талаб қилиш ёмонми?! Адолат-ку талаб қилиш. Бу жараён жуда кўп сабоқ берди. Жуда катта сабоқ», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари аҳоли кайфияти, муаммолари, талаб ва эҳтиёжини олдиндан биладиган тизим яратиш лозимлиги ҳақида, шунингдек, иқтисодий аҳволи оғир бўлган бошқа туманларда ҳам аҳоли бандлиги, яшаш шароитини яхшилаш бўйича бир ой ичида дастур тайёрлаш юзасидан топшириқ берди.

Эслатиб ўтамиз, 31 май куни Қирғизистоннинг Боткен вилоятига туташ, Фарғона вилояти таркибидаги Сўх туманида жойлашган Чашма қишлоғида булоқ масаласида Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош ҳудудлари аҳолиси ўртасида маҳаллий даражадаги можаро юз берган эди. Унинг оқибатида 187 нафар Ўзбекистон фуқароси ва 25 нафар Қирғизистон фуқароси жабрланганди.

1 июнь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Сўх туманига етиб келганди ва кейинроқ ҳукумат аъзолари ҳам етиб мазкур туманга етиб келишганди.