Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловнинг «ихтисослашган тиббий кўрикдан ўтиш ва тегишли муолажаларни олиш мақсадида» хорижда даволанаётгани хабар қилинди.
«Адолат» партияси вакили Гулнисо Саидова «Очиқ бюджет» порталида фуқаролар муаммолар ечими бўйича ташаббусларни таклиф этиб, бунга овоз тўплаш жараёнини танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, «бу ўзларига қадрдон бўлган ташкилот, мактаб, боғча ва ҳоказоларга давлатнинг маблағ ажратилиши учун тиланчиликдир». Сўнгги уч ойнинг ўзида платформада 69,7 минг ташаббусга 5,9 млнта овоз берилган.
Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған 29−30 март кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади.
Антикоррупция агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов давлат органлари очиқлигининг мониторинги юзасидан маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, 135 та давлат органидан 80 таси (60 фоизи) 2021 йилнинг IV чорагидаги давлат харидларига оид маълумотларни эълон қилмаган. 204 та туман ва шаҳар ҳокимликларининг 43 тасида эса веб-сайтнинг ўзи умуман ишламайди.
«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келган Даврон Ваҳобов Савдо-саноат палатасига раҳбар этиб тайинланди.
Чоршанба куни Украинадан яна 146 нафар ўзбекистонлик, шу жумладан, 42 нафар аёл, 12 нафар вояга етгаман бола ва 2 нафар чақалоқ Польша орқали олиб келинди. Эвакуация бошланган кундан то ҳозирга қадар 27 та авиарейс ёрдамида жами 6030 нафар фуқаро ватанга қайтарилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки раҳбари Одиль Рено-Бассо хоним ҳамда Осиё тараққиёт банки президенти Масацуга Асакавани қабул қилди. Учрашувларда шериклик муносабатларини кенгайтириш бўйича «йўл хариталари»ни тайёрлашга келишиб олинди.
Маданият вазири ўринбосари Олимжон Мирзаев бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини бунга қадар Вазирлар Маҳкамасида масъул ходим сифатида ишлаган Муроджон Мажидов эгаллади.
Президент Тошкент халқаро инвестиция форумида нутқ сўзлаб, Ўзбекистондаги ислоҳотлар ортга қайтмайдиган реал ҳақиқат эканлигини таъкидлади. Шавкат Мирзиёев хорижий инвесторларга юзланиб, «2026 йилга қадар иқтисодиётдаги эксклюзив ҳуқуқлар ва 25 дан ортиқ фаолият бўйича монополиялар тугатилишини» маълум қилди. У шунингдек, келгусида 7 та йўналиш доирасида ишбилармон учун яратиладиган имкониятларга тўхталиб ўтди.
Марказий банкнинг асосий ставкаси 17 фоизга оширилганидан сўнг, янги кредитлар фоизи ва кредит ресурсларининг қиймати ҳам ўсиши керак эди. Бироқ, президент йил охиригача ипотека ва таълим кредитлари бўйича фоиз ставкаларини ўзгартирмаслик тўғрисида топшириқ берди, деб хабар қилди молия вазири Тимур Ишметов.
Ўзбекистон ва Россия президентлари телефон орқали мулоқот қилиб, мамлакатлар ўртасидаги дипломатик алоқаларнинг 30 йиллиги муносабати билан табриклар алмашишди. Шунингдек, Украинадаги вазият муҳокама қилинди. Кремль яна бир маротаба Шавкат Мирзиёев Россиянинг «позицияси ва ҳаракатлари ҳақида тушуниш билан фикр билдирганини» маълум қилди.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Корея Республикасининг Ўзбекистондаги янги элчиси Ким Хи Сангдан ишонч ёрлиғи нусхасини қабул қилиб олди.
Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш вазири лавозимига нима сабабдан тиббиёт ходимлари орасидан эмас, балки иқтисодчи Беҳзод Мусаев тайинланганига изоҳ берди. «Тиббиётчилар жуда кўп ишлади. Трансформация жараёни кетяпти. Биз соҳадаги ҳисоб-китобни жойига қўйишимиз керак… Иқтисодиётни ва ҳисоб-китобни билганни вазир қилдим», — деди у.
Президент 2022 йилда бюджетдан тиббиёт соҳасига ажратилган 24 трлн сўмга қўшимча 3,2 трлн сўм маблағ берилишини маълум қилди. У сўзи давомида шифокорларнинг меҳнатини юксак қадрлашини айтди. «Мен шифокорнинг ўғли бўлганимдан бутун умр ғурурланиб юраман», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент маҳаллада соғлом турмуш тарзини туну кун тарғиб қилган, бу борада шахсий намуна бўлган тиббиёт ходимлари ва жамоатчилик вакиллари учун «Халқ саломатлиги посбони» кўкрак нишони таъсис этилишини маълум қилди. Қолаверса, тиббиёт ходимлари ҳар чоракда мукофотланиши айтилди.
Шавкат Мирзиёев шифокор ва тез ёрдам ходимларига нисбатан куч ишлатилаётганини танқид қилди. «Бу бизга мутлақо ярашмайдиган ҳолатдир», — деди у. Энди тиббиёт ходимларининг ишига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланади. Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш кодекси ҳам ишлаб чиқилади.
Президент ҳалол ва виждонан ишлаётган шифокор ва ҳамшираларга 100 фоизгача ойлик устамалар тўлаб берилишини маълум қилди. Янги иш бошлаган ёш шифокорларга эса 1 млн сўмгача махсус ойлик устама тўлаш тартиби жорий этилади.
Тиббий жиҳозлар, буюмлар, асбоб-ускуна ва материаллар 2025 йил 1 январгача қўшилган қиймат солиғи ва божхона божидан озод қилинади. Қолаверса, хусусий клиникалардан «туризм йиғими» ундириш бекор қилинади.
Президент тиббий суғурта шаклларини ривожлантириш, экология оқибатида фуқаролар соғлиғига етказилган зарарни қоплаб бериш мажбуриятини давлат зиммасига юклаш, тиббиёт ходимларининг юксак мақомини таъминлаш учун Констутицияга ўзгартиришлар киритишни таклиф қилди.
Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари билан учрашувга 25 мингта савол келиб тушгани, шундан 60 фоиздан кўпроғи шахсий саволлар эканлигини таъкидлади. «Нима учун бу учрашув чўзилди? 85% муаммолар аввал ҳал қилинди. Албатта, ҳамманинг ҳам саволини бирданига ҳал қилолмаймиз. Билим билан, вақт билан ечилади», — деди у.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг