Айни вақтда Тошкент шаҳридаги Халқаро форумлар саройида президент Шавкат Мирзиёевнинг шифокорлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтмоқда. Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев тадбир аввалида 20 мингга яқин тиббиёт ходимлари қатнашаётганини маълум қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Давлат раҳбари сўзи аввалида учрашув олдидан келиб тушган мурожаатларнинг кўп қисми шахсий саволлар эканлигини айтди.

«25 мингта савол тушди. 60 фоиздан кўпроғи шахсий саволлар. Албатта тушунаман, бу шахсий саволлар тагида йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар бор. Нима учун бу учрашув чўзилди? 85% муаммолар аввал ҳал қилинди. Албатта, ҳамманинг ҳам саволини бирданига ҳал қилолмаймиз. Билим билан, вақт билан ечилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

У шунингдек, ҳар сафар ҳудудларга борганида албатта тиббиёт масканларига киришга, шифокорлар билан учрашишга ҳаракат қилишини айтиди.

«Лекин, сизлар билан мана шундай кенг даврада, очиқ мулоқот шаклида биринчи марта кўришиб турибмиз. Бугун соҳадаги ютуқни — ютуқ, камчиликни — камчилик деб айтиб, тизимдаги «касалликлар»га тўғри диагноз қўйиб, уларнинг давосини топишга ҳаракат қилишимиз зарур. Тиббиёт шундай соҳаки, унга дахлдор бўлмаган инсоннинг ўзи йўқ. Ҳаммамиз ҳам иссиқ жонмиз, тиббиёт муассасаларига кунда-кунора мурожаат қилмаган кишини топиш қийин», — деди у.

«Барчамизга аёнки, одам соғлом бўлма-са, унга иш ҳам, моддий неъматлар ҳам, ҳаёт қувончлари ҳам, татимайди. Шу боис, ўз фуқароларининг соғлиғини ҳимоя қилиш, кучли ва самарали тиббиёт тизимини шакллантириш — халқпарвар давлатнинг энг асосий вазифаларидан ҳисобланади», деди давлат раҳбари.

Президент охирги йилларда тиббиёт соҳасига ажратилаётган маблағлар ҳажми кескин оширилганини таъкидлади.

«2022 йилнинг ўзида соҳага бюджетдан 24 триллион сўм ёки 2016 йилга нисбатан 4 баробар кўп маблағ йўналтирилмоқда. Ўтган беш йилда шифохоналар ва тез тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ажратилаётган маблағлар 12 баробар кўпайтирилди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, бу даврда соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш учун халқаро молия ташкилотларидан 700 миллион доллардан зиёд маблағлар жалб қилинди.

«Буларнинг ҳисобидан тизимда нима ўзгарди? Энг аввало, бирламчи тиббиёт бўғинини, мутлақо янги ёндашувлар асосида, тубдан ўзгартиришга киришдик. Бу борада, ўтган йилдан бошлаб, ҳар бир маҳаллада „хонадонбай“ ишлайдиган тиббий бригадалар ташкил этилди», — деди давлат раҳбари.

2021 йилдан, бирламчи бўғинда аҳолини 66 турдаги дори воситалари билан бепул таъминлаш йўлга қўйилди.

«Ҳозирги вақтда шамоллаш, қон босими, юрак хуружи, қандли диабет, ошқозон ва нафас йўллари касалликларини даволаш учун энг зарур дориларни одамларимиз ортиқча сарсон бўлмасдан, оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникалардан олишмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, аҳолига сифатли тиббий ёрдамни кенгайтириш мақсадида, бирламчи тизимга 20 мингта ўрта тиббиёт ходимлари қўшилди. Шунингдек, қишлоқларда жойлашган 801 та оилавий поликлиника янги замонавий «УЗИ» ва «ЭКГ» аппаратлари билан таъминланди.

Шу орқали, қишлоқ ва маҳаллаларда 8 турдаги янги тиббий хизматлар йўлга қўйилди. Жумладан, саломатлик кўрсаткичлари бўйича хавф гуруҳига кирган 12 миллион аҳолини мақсадли сќринингд́ан ўтказиш бошланди.

Президентнинг таъкидлашича, буларнинг барчаси, ўз навбатида, сифатли тиббий хизматларни «маҳаллагача тушириш» бўйича муҳим қадамлар бўлди.