Президент ижобий кўрсаткичларга эришган тиббиёт ходимлари ҳар чоракда мукофотланишини маълум қилди. У бунга 18 март куни шифокорлар билан учрашувда тўхталиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, «йил якунида эса, ҳар бир вилоятда энг яхши натижа кўрсатган поликлиникага мукофот ва совғалар берилади».

Бу тажриба жорий йилда Олмазор туманидаги 11 та, ҳамда Уйчи туманидаги 12 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникаларда бошланади. Ушбу тажриба якуни бўйича, бу янги тизимни 2023 йилдан бошлаб барча ҳудудларда жорий қилиш юзасидан тегишли қарор қабул қилинади.

«Ўз маҳалласида соғлом турмуш тарзини туну кун тарғиб қилган, бу борада шахсий намуна бўлган тиббиёт ходимлари ва жамоатчилик вакиллари учун алоҳида „Халқ саломатлиги посбони“ кўкрак нишони таъсис этилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари шифокорларнинг энг муҳим ва олижаноб вазифаси — бу албатта касалликни даволаш, шу тариқа инсонларнинг дардига малҳам бўлиш эканлигини таъкидлади.

«Шу билан бирга, мен сизлардан соғлом турмуш тарзи орқали, касалликнинг олдини олишга кўпроқ эътибор беришингизни сўрайман. Чунки, жисмоний машқлар билан мунтазам шуғулланадиган одам, ҳеч қандай давога муҳтож бўлмайди», — деди у.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, инсон саломатлиги 19 фоиз ташқи муҳитга, 20 фоиз — генетик омилларга, 9 фоиз — соғлиқни сақлашни ташкил этиш ва 52 фоиз турмуш тарзига боғлиқ.

«Саломатлигимиз асосан ўз қўлимизда экан, жамиятда соғлом турмуш маданиятини янада оширишимиз зарур. Ушбу масала бўйича алоҳида дастурни бошлаганимиздан хабардорсиз. Афсуски, тўғри овқатланмаслик ва ҳаракатсизлик оқибатида, бугунги кунда аҳолимизнинг 75 фоизида ортиқча вазн борлиги, 30 фоизида эса холестерин ва қон босими юқори экани, барчамизни ўйлантириши керак», — деди президент.

Шунинг учун, жорий йилдан бошлаб, 17 мингдан зиёд тиббий бригада, 2 мингдан ортиқ оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникаларнинг иш самарадорлигини баҳолаш бўйича рейтинг тизими жорий қилинади. «Рейтинг дегани шуки, энди тиббиёт ходимлари ўз ҳудудида аҳоли соғлиғини сақлаш ва касалликларнинг олдини олиш бўйича ўзига мажбурият олади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бунда, ортиқча вазнга йўл қўймаслик, тўғри овқатланишга амал қилиш, жисмоний фаолликни ошириш, зарарли одатлардан воз кечиш ва улар натижасида инфаркт, инсульт, қандли диабет, онкология каби касалликларнинг олдини олиш кўрсаткичлари, асосий мезон сифатида белгиланади.