18 март куни президент шифокорлар билан учрашув вақтида нима сабабдан уларга тиббиёт ходимлари орасидан эмас, балки иқтисодчи Беҳзод Мусаев вазир этиб тайинланганини тушунтирди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Нима учун мен иқтисодчини вазир қилиб қўйдим? Трансформация жараёни кетяпти. Биз соҳадаги ҳисоб-китобни жойига қўйишимиз керак», — деди давлат раҳбари.

У тиббиёт соҳаси вакиллари «жаноб президент, нимага бизда одамлар йўқми?», деб савол беришини айтиб ўтди. «Тиббиётчилар жуда кўп ишлади. 20 йилликни кўринглар, вазирларингиз нима қилди? Қайси бирини мақтаб эсладингиз? Минг афсус», — дея таъкидлади у.

Давлат раҳбари унинг армонлари ичида эканлигини айтди.

«Менинг армонларим ичимда, бу гапларни сизлар билан гаплашмасам, ким билан гаплашаман? Кечирасизлар, биз бир-биримизга бу гапларни айтмасак, қачон тиббиётда тўғри хулоса қиламиз? Ҳеч қачон! Қандай оғир бўлмасин, биз бир-биримизга тўғри гапиришни ўргатмасак, натижа бўлмайди. Ана шуни ҳамма билиши керак», — деди у.

«Иқтисодиётни, тармоқни, пулни қандай келиши ва ҳисоб-китобни билганни вазир қилдим», — дея Беҳзод Мусаевга тариф берди Шавкат Мирзиёев.

Президент сўзи охирида шундай деди: «Бюджетда ошиб ётган пулнинг ўзи йўқ. Лекин бизнинг иложимиз ҳам йўқ. Тиббиёт ходимларига ҳозир бу пулни бермасак, эртага ўзгариш бўлмайди».

Эслатиб ўтамиз, Беҳзод Мусаев 2021 йилнинг ноябрида соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинланди. 2020 йилнинг ноябридан Абдухаким Хаджибаев, ундан олдинроқ эса Алишер Шодмонов вазир сифатида фаолият юритган.