Шавкат Мирзиёев жойларда тиббиёт соҳаси вакилларига, айниқса, шошилинч ва тез тиббий ёрдам ходимларига нисбатан куч ишлатиш, тажовуз ҳолатларини танқид қилди. Президент бу ҳақда 18 март куни ўтказилган «Тиббиётдаги ислоҳотлар — инсон қадри учун» мавзусидаги очиқ мулоқотда айтиб ўтди.

«Шифокорга қўл кўтариш, уни сўкиб, ҳақорат қилиш бизнинг инсоф-диёнатли, оқ кўнгил, меҳр-оқибатли халқимизга муносибми? Бу бизга мутлақо ярашмайдиган ҳолатдир», — деди у.

Таъкидланишича, энди, тиббиёт ходимлари фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашган, уларнинг ишига тўсқинлик қилган ҳамда тажовуз кўрсатган кимсаларга нисбатан қонунчиликда алоҳида маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланади.

«Ўзбекистонда „Қонун — устувор, жазо — муқаррар“ эканини, ҳеч ким эсидан чиқармаслиги керак! Бугунги анжуманда яна битта муҳим масалани алоҳида айтмоқчиман. Таниқли олимлар ва халқаро экспертларни жалб қилиб, Соғлиқни сақлаш кодексини ишлаб чиқишнинг вақт-соати келди», — дея президент сўзларидан иқтибос келтирмоқда «Газета.uz» мухбири.

Кодексда қуйидагилар назарда тутилади:

  • тиббиёт ходимлари ҳамда беморларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари илғор хорижий тажриба асосида, қайта кўриб чиқилади;
  • тиббиёт ходимларининг ҳуқуқий ҳимояси кучайтирилади;
  • фуқароларнинг ўз соғлиғига эътибори ва масъулиятини ошириш механизмлари жорий этилади.

Аввалроқ, мазкур учрашувда давлат раҳбари Конституцияга тиббиётга оид ўзгартишлар киритишни таклиф қилганди.

Бундан ташқари, президент ҳалол ва виждонан ишлаётган шифокор ва ҳамшираларга 100 фоизгача ойлик устамалар тўлаб берилишини маълум қилди. Янги иш бошлаган ёш шифокорларга эса 1 млн сўмгача махсус ойлик устама тўлаш тартиби жорий этилади.