Жума куни президент Шавкат Мирзиёев шифокорлар билан очиқ мулоқоти давомида тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ чора-тадбирларга тўхталиб ўтди.

Таъкидланишича, бу борада, энг аввало, соғлиқни сақлаш ходимларини моддий рағбатлантириш янада кучайтирилади.

Ушбу масала юзасидан, тиббиёт соҳаси вакиллари томонидан 3 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушгани айтилди.

«Лекин аслида улар 500 мингдан зиёд барча тиббиёт ходимларининг таклиф ва истакларини ифода этади, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз. Бу йил ҳам бюджет ташкилотлари қаторида, тиббиёт ходимларининг ойлик иш ҳақини ҳам, камида 10 фоизга оширишни режа қилганмиз», — дея президент сўзларидан иқтибос келтирмоқда «Газета.uz» мухбири.

Бунга қўшимча равишда, соҳа вакилларининг машаққатли меҳнатини янада рағбатлантириш мақсадида, жорий йил 1 июндан:

  • тиббиёт ходимларининг ойлик маоши малака тоифасига қараб, яна 15 фоизгача оширилади.
  • юқори технологик мураккаб операцияларни бажарган шифокорларга эса яна 25 фоиз миқдорида устама тўланади.

Бундан ташқари, Тиббиёт ходимларини рағбатлантириш жамғармасига йилига 1,5 триллион сўм ажратилади.

Ушбу маблағлар ҳисобидан:

  • алоҳида натижага эришган, ҳалол ва виждонан ишлаётган шифокор ва ҳамшираларга 100 фоизгача ойлик устамалар ҳам белгиланади;
  • янги иш бошлаган фидоий ёш шифокорларга 1 миллион сўмгача махсус ойлик устама тўлаш тартиби жорий этилади.

«Содда қилиб тушунтирадиган бўлсам, мисол учун, ҳозирги кунда олий тоифали шифокор 4 миллион сўм маош олса, энди иш ҳақининг ошиши ва янги устамалар ҳисобига, 8−9 миллион сўмгача маош олиши мумкин бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Қўшимча қилинишича, ҳамширалар ҳозирги 1,5 миллион сўм ўрнига, тоифаси ва эришган натижаларига қараб, 3−4 миллион сўмгача ойлик олиши мумкин.