21 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Россия президенти Шавкат Мирзиёевни ва Ўзбекистон халқини Наврўз билан табриклади. Етакчилар мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги билан ҳам бир-бирини қутладилар.

«Кейинги йилларда Ўзбекистон-Россия ҳамкорлиги мисли кўрилмаган юксак — стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига чиққани мамнуният билан таъкидланди», — дейилади хабарда.

Ўтган йил якунида ўзаро савдо кўркаткичи 7,5 миллиард долларга етди, жорий йил бошидан эса 50 фоизга ортди. Россиянинг нуфузли делегацияси 24−26 март кунлари бўлиб ўтадиган Тошкент Халқаро инвестиция форуми ишида иштирок этиши кутилмоқда, дея таъкидланади хабарда.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг қайд этишича, давлат раҳбарлари «минтақа ва халқаро кун тартибидаги масалалар, шу жумладан Украина атрофида юзага келаётган вазият юзасидан фикр алмашишган».

Кремль матбуот хизмати, ўз ўрнида, суҳбат «Ўзбекистон томони ташаббуси» билан бўлиб ўтганини маълум қилди.

«Владимир Путин Донбасс республикаларини ҳимоя қилиш бўйича махсус ҳарбий операциянинг бориш жараёни ҳақида маълумот берди. Ўзбекистон президенти Россия томонининг позицияси ва ҳаракатлари ҳақида тушуниш билан фикр билдирди», — дейилади хабарда.

25 февраль куни ҳам президентлар Украина атрофидаги ҳолатни муҳокама қилишган эди. Ўшанда ҳам давлат раҳбарларининг матбуот хизматлари берган хабарлар бир-биридан фарқ қилганди. Кремль Шавкат Мирзиёев «Россия томонидан амалга оширилаётган ҳаракатларни тушунишини билдирганлигини» маълум қилган эди. Ўзбекистон томонининг хабарида бу ҳақида ҳеч нарса дейилмаганди.

Кейинроқ Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов Ўзбекистон Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари масаласида «вазмин, нейтрал позицияда» эканлигини таъкидлади.

17 март куни ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Сенатдаги нутқида Ўзбекистон Украинадаги ҳарбий ҳаракатларнинг зудлик билан тўхтатилиши тарафдори эканлиги ва можарони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал қилиш кераклигини қайд этди. «Ўзбекистон Республикаси Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олади. Биз Луганск ва Донецк халқ республикаларини тан олмадик», — деган эди ташқи ишлар вазири.

18 март куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Европа Иттифоқи, Буюк Британия, Япония ва АҚШ дипломатик миссиялари раҳбарлари билан учрашув бўлиб ўтди. Ушбу учрашувда ҳам Украинадаги вазият муҳокама қилинди. Ўзбекистон яна бир маротаба позицияси ўзгармаслигини билдириб, тинч ва нейтрал ёндашувда бўлиш кераклиги ҳамда вазиятнинг сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал қилиниши кераклигини қайд этди.