Ваҳобов Даврон Абдужалолович Савдо-саноат палатаси раиси этиб тайинланди, дея хабар қилди ССП матбуот хизмати.

Жума куни бўлиб ўтган Савдо-саноат палатасининг навбатдан ташқари Қурултойида Ўзбекистон президенти томонидан ССП раиси лавозимига таклиф этилган Даврон Ваҳобовнинг номзоди делегатлар томонидан бир овоздан маъқулланган.

Даврон Ваҳобов (1981 йилда туғилган) Тошкент кимё-технология институти (2001) ва Тошкент давлат иқтисодиёт университетини (2003) тамомлаган. 2007 йилда Тошкент давлат юридик университетини сиртқи таълим бўйича тугатган.

У Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Oqsaroy textile МЧЖ тизимида фаолият кўрсатган.

Даврон Ваҳобов тайинловга қадар «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келган.

У февраль ойида спортни ривожлантириш вазири лавозимига тайинланган Адҳам Икромов ўрнига ССП раиси бўлди.