Жума куни президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқоти мобайнида мазкур учрашувга узоқ тайёргарлик кўрилганини маълум қилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири. Мурожаатлар давомида ҳам шифокор, ҳам беморларнинг фикрлари тингланган.

«Улар орасида алоҳида аҳамиятга молик бўлган яна бир муҳим масала кўтарилган бўлиб, ижозатингиз билан, аввало шу ҳақда тўхталиб ўтмоқчиман. Бу масала соғлиқни сақлаш тизимининг ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, аҳоли, айниқса, миллатимиз, халқимизнинг генофондини сақлашни конституциявий асосда алоҳида ҳимоя қилинадиган соҳага айлантириш билан боғлиқ», — деди у.

«Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари жамиятимизда олий қадрият ҳисобланади. Амалдаги Конституциямизнинг 40-моддасида „Ҳар бир киши малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга“, деб белгилаб қўйилган. Ишончим комил, биз халқимиз соғлиғини сақлаш соҳасида улкан мақсад ва вазифаларни олдимизга қўяётган ҳозирги шароитда, ушбу конституциявий модданинг ўзи етарли эмас», — деди Шавкат Мирзиёев.

Унинг сўзларига кўра, бугунги замоннинг ўзи тиббиёт тизимининг конституциявий асосларини янада мустаҳкамлашни талаб этмоқда.

«Шунинг учун Асосий қонунимизда миллий соғлиқни сақлаш тизимини аҳоли саломатлигини сифат жиҳатидан яхшилашга хизмат қиладиган юксак малакали замонавий соҳага айлантириш масаласи ҳам, ҳеч шубҳасиз, тўғридан-тўғри амал қиладиган конституциявий қоида сифатида ўз ифодасини топиши зарур. Аминманки, Ўзбекистон фуқаролари қонунда, энг аввало, Конституциямизда белгилаб қўйилган кафолатли тиббий ёрдам турларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга», — деди президент.

Шу мақсадда, турли тиббий суғурта шаклларини ривожлантириш учун конституциявий асос яратишимиз кераклиги таъкидланди.

«Давлат ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги улкан масъулиятни англаган ҳолда, атроф-муҳитни асрашга қаратилган самарали чора-тадбирларни амалга ошириши шарт. Чунки соф ва тоза экологиясиз аҳоли соғлиғи ва миллат генофондини сақлаш ҳақида сўз юритишдан маъно йўқ», — деди давлат раҳбари.

Бу борагада гапирганда, президент аввало, бугунги кунда салбий экологик таъсирдан зарар кўраётган Оролбўйи минтақаси ҳақида ўйлайишини айтди.

«Айни вақтда экология соҳасидаги ҳуқуқ бузилишлари оқибатида, фуқаролар соғлиғига етказилган зарарни қоплаб бериш мажбуриятини, давлат ўз зиммасига олиши керак. Бу ҳам Бош қомусимизда аниқ-равшан белгиланиши зарур. Шу билан бирга, Конституциямизда тиббиёт ходимларининг юксак мақомини таъминлайдиган қоидани ҳам, муҳрлаб қўйишимиз лозим», — деди Шавкат Мирзиёев.