«Адолат» СДП марказий аппарати бошқарма бошлиғи Гулнисо Саидова «Очиқ бюджет» (openbudget.uz) порталида маблағ ажратишга овоз бериш жараёнини «тиланчилик» деб атади. Унинг мақоласи партия расмий сайтида эълон қилинди.

Гап «Очиқ бюджет» порталининг «Ташаббусли бюджет» бўлими орқали фуқаролар инфратузилмани яхшилаш, хиёбонлар, болалар ва спорт майдончалари, ички йўлларни қуриш, боғча ҳамда мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш каби масалалар бўйича лойиҳаларни таклиф этиб, маҳаллий бюджетнинг тақсимланишида иштирок этишлари мумкинлиги ҳақида кетмоқда.

Унинг сўзларига кўра, «XXI аср — буюк технологиялар асри, лекин, буюк технологиялардан „ўзгача“ мақсадларда фойдаланиш йўлга қўйилмоқда».

«Мени ва мен каби кўпчилик бошқа юртдошларимизни XXI асрда ўйлаб топилган янгича бир кашфиёт эътиборимизни қаратмоқда — „тиланчилик“. Бу тиланчилик ўзларига қадрдон бўлган ташкилот, мактаб, боғча ва ҳоказолар учун давлатнинг маблағ ажратилиши учун тиланчиликдир», — деди Гулнисо Саидова.

Унинг фикрича, «эшитилиши қўпол бўлса ҳам бу барибир тиланчилик дейилади».

«Бу ўйлаб топилган тизимми, инновацион ғоями фарқи йўқ. Юртдошларимиз давлат томонидан ажратилиши айтилган маблағни ютиб олишга ўқувчи, талаба, ота-оналарга ҳаттоки, таниш ва нотанишларга илтимос қилиб овоз беришларига мажбур бўлаётганликларини кўряпмиз. Бунинг оқибатида ҳатто шу масалада ҳам яна ўша таниш билишчилик ёки кўз бўямачиликка сабаб бўлиб қолмаймизми?!», — дея савол билан юзланган у.

Партия бошқарма бошлиғи «аслида, президент қўяётган талаб қандай эди-ю, бу ижрода қандай кўринишда амалга оширилаётганини» сўроқ остига олган.

Бундан ташқари, у бу муаммони ёзишига сабаб бўлган воқеани ҳам келтириб ўтган.

«Куни кеча „Халқлар дўстлиги“ санъат саройига концертга боргандим. Сал вақтлироқ борганим учун кўчадаги скамейкада концерт бошланишини кутиб ўтирган эдим. Бир вақт ёнимга ўрта ёшли нотаниш киши келиб ўтирди. Бу ноқулайликдан ўнғайсизланиб, туриб кетишга энди ҳаракат қилаётганимда бу одам узр сўраб гапириб қолди», — дея сўзлаб берди у.


Гулнисо Саидованинг сўзларига кўра, галстук таққан, кўринишидан зиёли одам қуйидагича илтимос билан мурожаат қилган: «Мен мактаб директориман, мактабимизнинг спорт зали ўта таъмирталаб бўлиб қолган, давлат маблағларини тўғри йўналтириш бўйича тендерда қатнашяпмиз, қанча кўп овоз тўпласак таъмирлаш учун зарур маблағни ютиб олишимиз мумкин. Илтимос, шунга ўз рақамингиздан овоз бериб юборсангиз».

«Мен узр сўраб, ўз овозимни аллақачон бошқа мактабнинг таъмирланиши учун бериб бўлганимни айтдим. У киши яна бир бор узр сўраб узоқлашди. Нима учун ўқувчилар ва талабаларнинг таълими, тарбияси билан шуғулланиши керак бўлган масъулларни овоз тўплаш учун тиланчиларга айлантиришимиз керак?», — деди партия вакиласи.

Унинг таъкидлашича, аслида, бу каби муаммоларни аниқлаш ва зарур маблағларни айнан ўша жойга йўналтириш бўйича шуғулланувчи махсус идора ва ташкилотлар бор.

«Нега бу муаммолар ечимини топиш «ўзига ҳос услуб»да халқнинг ўзига қолиб кетмоқда?! «Халқ равнақи учун хизмат қилади» деб ўйланган услуб давлатга, ҳукуматга нисбатан халқнинг ишончсизлигини келтириб чиқармаяптими?! Шу ва шунга ўхшаш масалаларда, албатта, масъул қилиб белгиланган тегишли ташкилотлар ўзининг позициясини, ишбилармонлигини намоён этишни билиши керак», — деди Гулнисо Саидова.

Унинг қўшимча қилишича, «ўз вазифаларини бажармаётган амалдорлар буни тан олиб, ўз жойларини ватанпарвар кадрларга бўшатиб беришлари мақсадга мувофиқ бўлади».

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2021 йил 13 апрелдаги [ПҚ-5072] қарори билан фуқаролар бюджетни шакллантириш жараёнларини нафақат назорат қилиши, балки бюджет маблағларини шакллантириш жараёнидан бошлаб уларни сарфлашда қатнашиши учун ҳам имконият яратилди.

Шунга мувофиқ, 2021 йилнинг июль ойида Ўзбекистон молия вазирлиги янгиланган «Очиқ бюджет» порталини (openbudget.uz) ишга туширди. Плафтормада «Ташаббусли бюджет» бўлими ҳам яратилди. Ушбу платформа ва ундан фойдаланиш тартиблари ҳақида «Газета.uz» қўлланма ҳам тайёрлаганди.

Ташаббусли бюджетлаштириш ёки партисипатор бюджетлаштириш — бу аҳолининг бюджет маблағларининг аниқ қисмларини сарфлаш мақсадида ташаббусларни илгари суриши орқали маҳаллий бошқарувда тўғридан-тўғри иштирок этиши.


Openbudget.uz сайти маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 1 январидан 31 мартга қадар «Ташаббусли бюджет»га 1 трлн 115 млрд 830 млн сўм ажратилган. Уни сарфлаш юзасидан 69700 та таклиф келиб тушган ва шундан 40277 та ташаббус тасдиқланган, 29 423 таси эса рад этилган. Ташаббуслар юзасидан барча берилган овозлар 5 млн 910 минг 234 мингтани ташкил этмоқда.