Президент Шавкат Мирзиёев 24 март куни Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки раҳбари Одиль Рено-Бассо хонимни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Унда республикада ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурини илгари суришда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг фаол иштирокини давом эттиришга доир амалий жиҳатлар муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, банкнинг мамлакатдаги лойиҳалари портфели 3 млрд еврога етди, унда хусусий секторга инвестициялар улуши 50 фоизгача ошди. Ушбу етакчи молиявий институтнинг сармоялари ҳажми бўйича Ўзбекистон кетма-кет иккинчи йил минтақада пешқадам бўлиб турибди. ЕТТБнинг Андижон ва Урганч шаҳарларидаги филиаллари фаолият юритмоқда.

Учрашувда шериклик муносабатларини кенгайтириш бўйича «йўл харитаси»ни тайёрлашга келишиб олинди.

Давлат корхоналари ва банкларини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, «яшил» тараққиёт, энергетика ва транспорт соҳаларидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, давлат-хусусий шерикликнинг самарали механизмларини, энг аввало, инфратузилмавий лойиҳаларни илгари суришга жорий қилиш, шунингдек, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигига оид дастурларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, келгуси йилда Ўзбекистонда ЕТТБ Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилишини ўтказишга тайёргарликнинг бориши кўриб чиқилди.


Бундан ташқари, президент Шавкат Мирзиёев ушбу форум доирасида Осиё тараққиёт банки (ОТБ) президенти Масацуга Асакавани ҳам қабул қилди.

Учрашув аввалида Банк раҳбари Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистоннинг етакчи халқаро молия институтлари раҳбарлари ва бизнес вакилларини жамлаган Инвестиция форуми муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.

Учрашувда ОТБ билан стратегик шериклигини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари ва истиқболли йўналишлари кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, кейинги йилларда лойиҳалар портфели икки баробарга кенгайиб, бугунги кунда 9 миллиард доллардан ошди. Қўшма лойиҳалар доирасидаги инвестицияларни ўзлаштириш суръатлари ҳам икки баробар жадаллашди.

Банк томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган, шу жумладан макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, молия сектори, энергетика, транспорт ва инфратузилмани модернизация қилиш, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида кўрсатилаётган техник кўмак юқори баҳоланди.

Учрашувда Ўзбекистон ва ОТБ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг янги дастурини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, «яшил» иқтисодиётни жадал жорий этиш, лойиҳаларни аралаш молиялаштириш механизмларини ривожлантириш, бизнес, шу жумладан аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини молиялаштириш дастурларини кенгайтириш, давлат-хусусий шерикликнинг самарали механизмларини жорий қилиш, таълим ва соғлиқни сақлаш лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.

Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасидаги стратегик шерикликнинг устувор йўналишларини илгари суриш бўйича «йўл харитаси»ни биргаликда қабул қилиш юзасидан келишувга эришилди.