Айни вақтда бўлиб ўтаётган президент ва тиббиёт ходимлари учрашувида хориждан тиббиёт ускуналари олиб кирувчиларга имтиёзлар берилиши маълум қилинди.

«Газета.uz» мухбири забар беришича, учрашув олдидан хусусий клиникалардан тушган кўплаб мурожаатларда хориждан олиб келинадиган тиббиёт ускуналари ва буюмлари, эҳтиёт ва бутловчи қисмлар, сарфлов материалларига қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бериш сўралган.

«Бу масаланинг муҳимлигини эътиборга олиб, жорий йил 1 апрелдан бошлаб тиббиёт ташкилотлари томонидан чет элдан олиб кириладиган тиббий жиҳозлар, буюмлар, асбоб-ускуна ва материаллар 2025 йил 1 январгача қўшилган қиймат солиғи ва божхона божидан озод қилинади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Мурожаатларда, шунингдек, хусусий клиникаларга малакали мутахассисларни жалб қилишда, Ўзбекистонда ишлаш рухсатномаси учун, 700 мингдан 40 миллион сўмгача тўлов мавжудлиги кўрсатилган.

Ушбу талаб, ҳатто қисқа муддатда юқори технологик операциялар ҳамда шифокорларга «мастер-класс» ўтказишга таклиф этилган мутахассисларга ҳам қўлланилган.

Бундан ташқари, хусусий клиникалар мамлакатга тиббий туризм орқали даволанишга келган хорижий фуқаролар учун, «туризм йиғими» тўлашга мажбур.

Президентнинг сўзларига кўра, ушбу муаммоларга тўғри ечим топиш учун, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб:

  • хорижий шифокорларга Ўзбекистонда ишлаш рухсатномасини бериш бўйича тўловлар миқдори кескин камайтирилади;
  • хусусий клиникалардан «туризм йиғими» ундириш бекор қилинади.

Хусусий тиббиёт муассасалари учун, лицензия олишда санитария ва қурилиш талаблари тубдан қайта кўриб чиқилади.