Ўзбекистонда ислоҳотлар ортга қайтмайдиган муқаррар тус олгани реал ҳақиқатдир. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумидаги нутқи давомида айтиб ўтди.

Давлат раҳбари сўзи аввалида Ўзбекистон сўнгги 5 йил ичида эришган ютуқлар, жумладан, сўмнинг эркин конвертацияси жорий этилгани, хорижий инвесторлар томонидан фойдани репатриация қилиш билан боғлиқ барча чекловларни олиб ташлангани, мажбурий ҳамда болалар меҳнатига чек қўйилганини таъкидлади.

«Бугунги кунда Ўзбекистон ўзининг географик жойлашувига кўра, Шимол ва Жанубни, Ғарб ва Шарқни магистрал транзит коридорлари орқали боғлаб турадиган Марказий Осиё минтақасининг ўзаги ҳисобланади», — деди у.

Шундан сўнг, президент келгуси беш йилга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси қабул қилинганини эслатиб, ислоҳотлар доирасидаги режалар билан ўртоқлашди.


«Ҳар бир келган меҳмонларимизга (инвесторларга қарата) ишларингизнинг келажагини таъминлаш учун шароит яратишга мен ҳам, ҳукумат ҳам кафолат бермоқчиман. Сизлар билан мулоқот қилиб, кўп нарсани ўзгартириб, қонунларни мустаҳкамлаб, коррупцияга қарши қатъий курашиб, биргаликда манфаатли ҳамкорликни йўлга қўямиз… Сизларнинг мамлакатимиздаги муваффақиятингизни таъминлаш Ўзбекистон президенти ва Ҳукумати томонидан кафолатланади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Биринчи йўналиш, мамлакатда иқтисодий ва сиёсий барқарорликни таъминлаш чораларини изчил давом эттириш. Жумладан, кенг кўламли маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш ва рақамлаштиришни жорий қилиш орқали бизнес учун янада қулай шароитлар яратиш, давлат бошқаруви натижадорлигини ошириш орқали ишбилармон ва тадбиркорларга кўмак берадиган ихчам ва юқори самарали ҳукумат тизимини ташкил этиш кўзда тутилган.

Иккинчи йўналиш, давлатнинг иқтисодиётдаги роли ва улишини кескин қисқартириш. Халқаро молия институтлари ва хорижий консалтинг компаниялари кўмагида давлат активларини хусусийлаштириш орқали 2026 йилга қадар эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинади ва давлат корхоналарини хусусийлаштириш ҳисобига 25 тадан ортиқ фаолият турлари бўйича монополиялар тугатилади. Тижорат банкларида трансформациялар давом эттирилиб, банк активларида хусусий сектор улуши 60 фоизгача етказилади. Давлат иштирокидаги корхоналар сони камида 3 бараварга қисқартирилади.

«Фурсатдан фойдаланиб, форумда қатнашаётган ҳурматли инвестор ва тадбиркорларга ошкоралик, шаффофлик ва рақобат тамойиллари асосида ўтказиладиган хусусийлаштириш жараёнларида кенг иштирок этишингиз учун барча шароитлар яратишимизни таъкидламоқчиман», — деди президент.

Учинчи йўналиш, мамлакатимизда инфратузилмани жадал ривожлантириш давом эттирилади. Ўзбекистонда хорижий инвесторлар билан биргаликда давлат хусусий шериклик механизмини жорий қилган ҳолда энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим, инфратузилмани ривожлантириш ва йўл қурилиш соҳаларида умумий қиймати 15 млрд долларлик 200 дан ортиқ лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. «Барчангизни ушбу жараёнларда фаол иштирок этиб, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга таклиф қиламиз», — деди у.

Тўртинчи йўналиш, иқтисодиётнинг саноатлашиши доирасида бой хом-аёш захираларининг чуқур қайта ишлаш орқали юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқишни рағбатлантириш. Ўзбекистон кўплаб фойдали қазилмалар захираси бўйича дунёнинг юқори ўриндаги 20 давлати қаторига киради. Жумладан, олтиннинг ресурс базаси бўйича дунёда иккинчи, мис бўйича еттинчи, волфрам бўйича саккизинчи, кумуш бўйича тўққизинчи, уран бўйича ўн иккинчи, табиий газ ишлаб чиқариш соҳасида эса 16-ўринда.


«Ушбу бой хом-ашё ресурсларини қайта чуқур ишлаш, келгуси беш йилда кимё ва газ, мис, электроника, фармацевтика, тўқимачилик ва кўплаб бошқа соҳаларда 120 млрд долларлик инвестицияларни жалб этиш бўйича аниқ лойиҳалар ишлаб чиқилган», — деди давлат раҳбари.

Бешинчи йўналиш, инсон капиталига инвестиция киритиш. Кейинги беш йилда мактабгача таълим соҳасида 7 мингдан зиёд янги муассасалар ташкил этиш орқали қамровни даражаси ҳозирги 67 фоиздан 80 фоизга етказилади. Мактаб таълими тизими учу ўқув дастурлари ва дарсликлар илғор хорижий тажриба асосида тўлиқ қайта ишланади ҳамда қўшимча 1,2 млн ўқувчи учун янги мактаблар барпо этилади. Олий таълим соҳасидаги қамров даражаси 50 фоизга етказилади.

«Биз профессионал таълим тизимини илҳор халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, шунингдек, замон талабларидан келиб чиқиб, иқтисодиётимиз эҳтиёжи учун IT ва муҳандислик йўналишларига ихтисослаштиришни устувор вазифа сифатида белгиладик. Мақсадимиз иқтисодиётимизнинг драйвер тармоқларини етук ва малакали мутахассислар билан тўлиқ таъминлаш. Алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон бугунги кунда иқтисодий ресурслар билан бирга катта инсоний салоҳиятга, шу билан бирга замонавий билим ва чет тилларини пухта ўзлаштирган янги авлод кадрларига эга. Бу янги авлод кадрлар бизнинг энг катта бойлигимиз ҳисобланади», — деди у.

Олтинчи йўналиш, ташқи савдони янада эркинлаштириш, экспорт ва импорт учун қўшимча қулайликлар яратиш. Ўзбекистон яқин йилларда Жаҳон савдо ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиш учун аниқ қадамлар қўймоқда. Ҳозирнинг ўзида республикада маҳсулот ишлаб чиқарувчилар эркин савдо орқали 280 млн истеъмолчи бўлган минтақавий бозорларга чиқиш имкониятига эга. Бундан ташқари, Европа Иттифоқининг кенгайтирилган преференциялар тизими GSP+ доирасида Ўзбекистондан 6 мингдан ортиқ маҳсулот турлари Европа бозорига имтиёзли шартларда экспорт қилиш мумкин.

«Миллий экспортчиларимизга қўшимча имконият яратиш учун ҳозирда Ҳиндистон, Туркия, Корея Республикаси ва бошқа давлатлар билан имтиёзли ва эркин савдо битимларини имзолаш бўйича аниқ чоралар кўрилмоқда. Мавжуд транспорт коридорларини диверсификация қилиш мақсадида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни трансафғон йўли орқали Жанубий Осиёга, Ўзбекистон-Қирғистон-Хитой темир йўли орқали Осиё-Тинч океани минтақасига ҳамда Жанубий Кавказни кесиб ўтувчи мультимодаль транспорт коридори орқали Европа мамлакатларига етказиш имкониятларини яратиш учун аниқ амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.


Еттинчи йўналиш, Ўзбекистон инвестиция жозибадорлигини ошириш, бизнес муҳитини янада яхшилаш. Давлат раҳбари бу борада 2022 йилдан президент ҳузурида хорижий инвесторлар кенгаши йиғилишларини мунтазам ўтказиб бориш йўлга қўйилишини таъкидлади. «Краудсорсинг платформаси ва замонавий рақамли ечимлардан фойдаланган ҳолда барча тармоқлар ва ҳудудлардаги инвесторлар ва тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўтказишни давом эттирамиз», — деди у.

У шунингдек, Ўзбекистонда 20 август санаси Тадбиркорлар куни этиб белгилангани ва айни шу куни президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтишини қайд этди.

«Амалга оширилаётган ислоҳотларимиз натижасида кейинги беш йил ичида ЯИМни 100 млрд долларга, йиллик экспорт ҳажмини 30 млрд долларга етказиш кўзда тутилган. Хусусий секторнинг ЯИМдаги улуши 80 фоизга етказилади», — деди президент.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон 2030 йилга бориб аҳолиси ўртадан юқори даромад оладиган давлатлар қаторидан жой олиши мақсад қилинган.

«Охирги йилларда дунёда юз бераётган пандемия синовлари, иқтисодий соҳасида мавжуд қийинчиликлар ва бошқа муаммолар бизни ностандарт чоралар кўришга, янги вазиятда ишлаш ва натижага эришишга ўргатмоқда. Дунёдаги бугунги мураккаб вазиятда ҳам Ўзбекистон яшаш ва ишлаш учун тинч ва хавфсиз макон сифатида танилганини ҳеч ким инкор қила олмайди», деди Шавкат Мирзиёев.

У шунингдек, тадбиркорлар учун барча қулай шарт-шароитлар яратиб берилишини яна бир бор қайд этди.