Шавкат Мирзиёев Конституцияга тиббиётга оид ўзгартиришлар киритишни таклиф қилди

Президент тиббий суғурта шаклларини ривожлантириш, экология оқибатида фуқаролар соғлиғига етказилган зарарни қоплаб бериш мажбуриятини давлат зиммасига юклаш, тиббиёт ходимларининг юксак мақомини таъминлаш учун Констутицияга ўзгартиришлар киритишни таклиф қилди.

Поликлиникалар фаолияти соат 20:00 гача узайтирилади

Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари билан учрашувда оилавий шифокор пунктлари, оилавий ва кўп тармоқли поликлиникаларда кундузги стационар иш вақти соат 20:00 гача узайтирилишини маълум қилди. Уларда ишлайдиган шифокор ва ҳамширалар иш ҳақига қўшимча устама тўланади.

Марказий банк раҳбари Россиядан пул ўтказмаларининг «сезиларли» қисқарганини маълум қилди

Март ойининг биринчи ярмида Россиядан пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада камайди, деди Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов. У пул ўтказмаларининг қисқариши аҳоли даромадлари ва уларнинг кредит тўлаш қобилиятига таъсир қилиши мумкинлигини тан олди.

1 апрелдан Қозоғистонга поезд қатнови тикланмоқда

1 апрелдан Нукусдан Қозоғистоннинг Бейнеу шаҳрига (Манғистау вилояти маркази) йўловчи поезд ҳаракати тикланмоқда. Поездлар ҳафтасига уч маротаба ҳар иккала томондан ҳаракатланади. Бошқа қўшни давлатлар билан темир йўл йўналишларининг қайта тикланиши томонларнинг келишувига асосан босқичма-босқич очилиши кутилмоқда.

Наврўз байрами куни айрим жойларда қор ёғиши кутилмоқда

Наврўз байрами куни республиканинг тўртта ҳудудидан ташқари бошқа жойларда ёғингарчилик кутилмайди. Кечаси кучсиз совуқ сақланиб туради. Кундуз куни ҳарорат бироз кўтарилади. 23 мартда Ўзбекистон ҳудудига Волга бўйи ҳудудларидан яна нам ва совуқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда.

Совуқ ҳарорат туфайли аграрчиларга ёрдам бериш бўйича тезкор гуруҳлар тузилди

Республика бўйича мевали боғ ва токзорлар, эртаки картошка ва сабзавот экинларини совуқ уришидан асраш бўйича тезкор гуруҳлар тузилди. Улар соҳа олимлари билан биргаликда аграрчилар учун тавсиялар ишлаб чиқади.

Самарқанд халқаро аэропорти фойдаланишга топширилди

Жума куни Самарқанд халқаро аэропортининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мажмуа соатига 800 йўловчига хизмат кўрсата олади ва «Очиқ осмон» режимида ишлайди. 2022 йилда аэропортдан Москва, Санкт-Петербург, Истанбул, Олмаотага, 2023 йилдан бошқа шаҳарларга парвозларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш кодекси ишлаб чиқилади

Шавкат Мирзиёев шифокор ва тез ёрдам ходимларига нисбатан куч ишлатилаётганини танқид қилди. «Бу бизга мутлақо ярашмайдиган ҳолатдир», — деди у. Энди тиббиёт ходимларининг ишига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланади. Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш кодекси ҳам ишлаб чиқилади.

Талабаларнинг айланма варақани тўлдириш амалиёти бекор қилинди

ОТМни тугатган ёки ўқишини кўчирган талабаларнинг айланма варақани тўлдириш амалиёти бекор қилинди. Эндиликда бу жараён онлайн тарзда амалга оширилади.

Водийдаги барча автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялар фаолияти вақтинча тўхтатилади

Республикада кузатилаётган совуқ ва нам об-ҳаво сабабли водий вилоятларидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари фаолияти соат 18.00 дан вақтинча тўхтатилади.

Шифокорларни лицензиялаш тизими йўлга қўйилади

Президент хориж тажрибаси асосида клиникаларни эмас, шифокорларни лицензиялаш тизимига босқичма-босқич ўтиш кераклигини таъкидлади. «Бу тизим йўлга қўйилса, тиббиёт ходимларини малака оширишга мажбурий юбориш талаб этилмайди», — деди у. Қолаверса, ягона тиббий маълумотлар базаси «электрон соғлиқни сақлаш» тизими яратилади.

2025 йилгача хориждан келтирилган тиббий жиҳоз ва ускуналар ҚҚС ва божхона божидан озод қилинади

Тиббий жиҳозлар, буюмлар, асбоб-ускуна ва материаллар 2025 йил 1 январгача қўшилган қиймат солиғи ва божхона божидан озод қилинади. Қолаверса, хусусий клиникалардан «туризм йиғими» ундириш бекор қилинади.

2025 йилгача «Тез ёрдам»даги «Дамас"лар замонавий автомобилларга алмаштирилади

2022−2025 йилларда тез тиббий ёрдам тизимидаги барча «Дамас» ва бошқа эскирган машиналар замонавий автомобилларга алмаштирилади. Жумладан, реанимация машиналари ҳам олиб келинади. Бунинг учун 65 млн доллар жалб қилинади.

Тиббиёт ОТМлари талабаларига шифокор бўлиб ишлашига рухсат берилади

Тиббиёт олийгоҳларининг магистратура босқичида ва бакалавриатнинг 5−6-курсларида ўқиётган талабаларга бирламчи ва тез ёрдам тизимида шифокор бўлиб ишлашга рухсат берилади. Президентнинг сўзларига кўра, бу орқали йилига 7 мингга яқин талаба таълимни амалиёт билан бирга олиб бориш имконига эга бўлади.

«Нима учун мен иқтисодчини вазир қилиб қўйдим?» Президент — Беҳзод Мусаев ҳақида

Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш вазири лавозимига нима сабабдан тиббиёт ходимлари орасидан эмас, балки иқтисодчи Беҳзод Мусаев тайинланганига изоҳ берди. «Тиббиётчилар жуда кўп ишлади. Трансформация жараёни кетяпти. Биз соҳадаги ҳисоб-китобни жойига қўйишимиз керак… Иқтисодиётни ва ҳисоб-китобни билганни вазир қилдим», — деди у.

«Мен шифокорнинг ўғли бўлганимдан бутун умр ғурурланиб юраман» — Шавкат Мирзиёев

Президент 2022 йилда бюджетдан тиббиёт соҳасига ажратилган 24 трлн сўмга қўшимча 3,2 трлн сўм маблағ берилишини маълум қилди. У сўзи давомида шифокорларнинг меҳнатини юксак қадрлашини айтди. «Мен шифокорнинг ўғли бўлганимдан бутун умр ғурурланиб юраман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳалол шифокор ва ҳамшираларга 100 фоизгача ойлик устамалар белгиланади — президент

Президент ҳалол ва виждонан ишлаётган шифокор ва ҳамшираларга 100 фоизгача ойлик устамалар тўлаб берилишини маълум қилди. Янги иш бошлаган ёш шифокорларга эса 1 млн сўмгача махсус ойлик устама тўлаш тартиби жорий этилади.

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари қарийб 1 млрд долларга ошди

Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари бир ойда 935,6 млн долларга ортиб, 1 март ҳолатида 35,36 млрд долларга етди. Ялпи захиралар ўсиши хорижий валютадаги активлар ҳисобига (983 млн долларга ортган) тўғри келди. Олтин захиралари эса 50,4 млн долларга камайган.

Оҳангаронда ҳокимлик ходими 20 минг доллар пора олаётганда ушланди

Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳокимлиги ходими фуқарога аукцион савдосида 500 гектарлик яйловни 35 минг долларга эвазига олиб беришни ваъда қилиб, пулнинг 20 минг долларини олаётганда ушланди.

Блогер Asalhoney Тошкентдаги уйида ўлик ҳолда топилди

Блогер Асал Ходжаеванинг (Asalhoney) жасади Тошкентдаги уйида қотиллик аломатлари билан топилди. Прокуратура ҳодисани тергов қилмоқда.

Шакар заводлари биржа савдоларига қўйиладиган шакар ҳажмини оширди

Март ойи бошидан бери биржа савдоларида шакар нархи 21,6% га кўтарилиб, бир килограми учун 10 минг сўмдан зиёдга етди. Вазиятни барқарорлаштириш мақсадида шакар заводлари томонидан биржа савдосига қўйиладиган шакар ҳажми ўртача 30 фоизга оширилди. Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонда, мамлакатлар расмийларининг маълум қилишича, спекуляциялар ва сунъий равишда юзага келтирилган танқислик натижасида мазкур маҳсулотга бўлган талаб борасида ажиотаж кузатилмоқда.

Корея Республикасининг Ўзбекистондаги янги элчиси иш бошлади

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Корея Республикасининг Ўзбекистондаги янги элчиси Ким Хи Сангдан ишонч ёрлиғи нусхасини қабул қилиб олди.