18 март куни Самарқанд халқаро аэропортининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди. Uzbekistan Airways шу куни Тошкент — Самарқанд йўналишида биринчи парвозни ҳам амалга оширди.

«Uzbekistan Airways» ва «Uzbekistan Airports» раҳбарияти, транспорт, туризм ва маданий мерос вазирликлари, тегишли идоралар, умумий ҳисобда 250 дан ортиқ меҳмон қатнашди.

Терминалнинг биноси буюк олим Мирзо Улуғбекнинг «Зижи жадиди Кўрагоний» бош асари тимсолига айланган очиқ китоб шаклида барпо этилган. Мажмуа соатига 800 йўловчига хизмат кўрсатиши мумкин. Терминал «очиқ осмон» режимида фаолият кўрсатади, шунингдек, юк ташишга хизмат қилади.

Унда 29 та рўйхатга олиш пештахтаси, 8 та миниш учун чиқиш йўлаги, 4 та телескопик трап, 10 та паспорт назорати кабинаси ва учиб кетаётган йўловчилар учун 6 та Е-gate, шунингдек, учиб келган йўловчилар учун 15 паспорт назорати кабинаси мавжуд. Шунингдек, 3,1 км узунликдаги учиш-қўниш йўлаги, 24 ўринли авиатураргоҳ бор.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Терминалнинг қурилиш лойиҳаси қиймати 80 млн доллар. Келтирилишича, бу Ўзбекистон авиацияси тарихида биринчи марта Uzbekistan Airports (давлат ҳамкори) ва AIR MARAKANDA (хусусий шерик) ўртасида имзоланган давлат-хусусий шериклик келишуви натижасида бажарилган.

«Янги терминал доимий рейслар сонини ҳафтасига 40 тадан 120 тагача ошириш имконини беради, перроннинг модернизация қилиниши натижасида авиатураргоҳ 24 тагача ҳаво кемасини сиғдира олиш даражасигача кенгайди. Аэропортнинг йўналиш тармоғини кенгайтириш режаси 2030 йилга бориб йўналишлар сонини 30 тага етказишга қаратилган. Масалан, 2019 йилда Самарқанд аэропортидан 5 та йўналиш бўйича авиақатновлар амалга оширилар эди. Lufthansa Consulting халқаро консалтинг ташкилоти томонидан ўтказилган мустақил таҳлиллар ушбу аэропорт орқали йўловчи оқимининг йилига 480 минг кишидан 2 млн кишига ортишини кўрсатмоқда», — дейилади хабарда.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Қурилиш ишлари пудратчи Enter Engineering компанияси томонидан Туркиянинг Kiklop лойиҳа-муҳандислик компаниясида яратилган меъморий ечим асосида бажарилди.

«Бундай замонавий комплекснинг очилиши бизнинг авиакомпаниямиз учун ажойиб имкониятдир. Биринчидан, йўналиш парвозларини сонини, мамлакатимизга сайёҳлар оқимини кўпайтириш, шунингдек, транзит йўловчилар оқимини оширишга хизмат қилади. Самарқанд халқаро аэропорти каби хаб юртимизга келаётган йўловчиларга сифатли, қулай ва тезроқ хизмат кўрсатиш имкони яратади», — деди «Uzbekistan Airways» бошқарув раиси Илҳом Маҳкамов.

Uzbekistan Airways 2022 йилга қуйидаги йўналишлар бўйича парвозларни амалга оширишни режалаштирмоқда:

  • Самарқанд — Москва — Самарқанд, ҳафтасига 3 маротаба
  • Самарқанд — Санкт-Петербург — Самарқанд, ҳафтасига 2 маротаба
  • Самарқанд — Истанбул — Самарқанд, ҳафтасига 3 маротаба
  • Самарқанд — Олмаота — Самарқанд, ҳафтасига 2 маротаба
  • Самарқанд — Тошкент — Самарқанд, ҳафтасига 3 маротаба

Бундан ташқари, 2023 йилда йўналиш тармоғини ривожлантириш ва янги Шаржа ва Красноярск маршрутларни очиш режалаштирилган. 2023−2024 йилларда талабга қараб, бошқа янги йўналишларни, айниқса Сочи ва Новосибирск очиш имконияти кўриб чиқилади.

Маълумот учун, сентябрь ойида Uzbekistan Airports ва Air Marakanda Самарқанд аэропортини модерниязация қилиш бўйича битим имзолади. Апрель ойида «Газета.uz» Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида халқаро аэропорт реконструкцияси лойиҳаси тақдимоти ўтказилгани ҳақида ёзган эди.

Шу йилнинг февраль ойида эса президент аэропортда яратилаётган шароитларни кўздан кечиргани борганди.