Март ойидан бошлаб Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми сезиларли даражада камайди, деди Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов.

«Март ойидан буён Россиядан пул ўтказмалари ҳажми сезиларли даражада камаймоқда. Хусусан, 2022 йил март ойининг биринчи ярмида Ўзбекистонга юборилган пул ўтказмаларининг умумий ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан сезиларли пасайиши кузатилмоқда. Бироқ пул ўтказмаларининг қисқариши фақат рублнинг қулаши туфайли содир бўлганлигини ҳали ҳам аниқ айтиш қийин. Катта эҳтимол билан, юқори даражадаги ноаниқликлар бу ерда катта роль ўйнайди, бу меҳнат мухожирларининг пул жўнатиш ёки юбормаслик қарорларига таъсир қилади», — дея аниқ рақамларни келтириб ўтмади у.

Унинг сўзларига кўра, Россияда санкциялар натижасида юзага келган иқтисодий вазият ўрта муддатли истиқболда пул ўтказмалари манбаларида таркибий ўзгаришлар ва Ўзбекистон ички бозорида хорижий валюта таклифининг тикланиши кузатилади.

Марказий банк раҳбари ўтказмалар ҳажмининг қисқариши ва аҳоли даромадларининг пасайиши сабабли муаммоли кредитлар (NPL) миқдори ҳам ўсиши мумкинлигини маълум қилди.

«Юзага келган ташқи хатарли вазият бўйича ноаниқлик даражаси юқори бўлиб, унинг ривожланиши бўйича эҳтимолий кутилмалардан келиб чиқиб Марказий банк молиявий тизим кўрсаткичларини стресс-тестдан ўтказмоқда. Бунда, пул ўтказмалари камайиши ҳисобига аҳоли даромадларининг қисқариши, ўз навбатида, уларнинг кредит тўлови интизомига ҳам маълум маънода таъсир кўрсатади, албатта», — деди у.

Тўлов интизомида салбий ўзгаришлар кузатилиббориши билан Марказий банк ҳам ўз навбатида, банк тизимида муаммоли кредитлар ҳажми ўсишини олдини олиш бўйича чораларни амалга оширади ва бугунги вазиятдан келиб чиқиб, зарурият юзага келганда тижорат банкларига ҳар бир мижоз бўйича алоҳида ёндашишни тавсия этмоқда.

Манба: Статистика қўмитаси.

Бир қатор вилоятларда — энг кўп Хоразм (27,1 фоиз), Самарқанд (25,3 фоиз), Андижон (22,2 фоиз), Сурхондарё (21,6 фоиз) вилоятлари ва Қорақалпоғистонда (20%) хориждан пул ўтказмалари аҳоли умумий даромадларида салмоқли улушни эгаллайди. Ўтказмаларнинг қисқариши, агар уларда кредитлар (ипотека, истеъмолчи ва бошқалар) бўлса, уларнинг тўлов интизомига таъсир қилиши мумкин. 2021 йилда меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга 8,1 млрд доллар (+34 фоиз) жўнатган, бироқ Жаҳон банки экспертлари Россиядаги иқтисодий вазият туфайли бу ҳажмлар 2022 йилда 21 фоизга қисқаришини кутмоқда.

Марказий банк маълумотларига кўра, январь ойида муаммоли кредитлар улуши банклар кредит портфелидаги 5,2 фоиздан 5,4 фоизгача ошган. 1 февраль ҳолатига кўра, уларнинг ҳажми 503 млрд сўмга ошиб, 17,47 трлн сўмни ташкил этди.

Банкларнинг кредит портфелида жисмоний шахсларга берилган кредитлар 69,6 трлн сўмни, шундан ипотека кредитлари — 36,2 тлрн сўм, микрокредитлар — 9,9 тлрн сўм, истеъмол кредитлари — 12,3 тлрн сўм ва тадбиркорликни ривожлантириш учун берилган кредитлар — 11,07 тлрн сўмни ташкил этади.