Президент Шавкат Мирзиёев Касби «Тез ёрдам» бўлими ҳайдовчиси Юсупов, Ғозғон бўлими фельдшери Набиев тез тиббий ёрдам машиналари эскиргани ҳақида мурожаат йўллаганини айтди.

Мурожаатда бу хизмат сифатига салбий таъсир қилаётгани, жойларда реанимация машиналари етишмаслиги қайд этилган.

Таъкидланишича, 200 дан ортиқ тез тиббий ёрдам станцияларидаги 3 мингга яқин машиналарнинг 75 фоизи «Дамас» автомобиллари бўлиб, уларнинг 670 таси эскирган ёки таъмирталаб аҳволда.

«2022−2025 йилларда тез тиббий ёрдам тизимидаги барча „Дамас“ ва бошқа эскирган машиналар замонавий автомобилларга алмаштирилади. Хусусан, 2022 йилда 890 та, 2023 йилдан бошлаб эса ҳар йили 450 тадан янги автомобиль, жумладан, реанимация машиналари олиб берилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Натижада, келгуси уч йилда тез тиббий ёрдам автопарки тўлиқ янгиланади. Бу мақсадлар учун 65 миллион доллар жалб қилинади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг май ойида Тез тиббий ёрдамда «Damas» автомашинасидан бутунлай воз кечиш режалаштирилмоқда. Унинг ўрнини Б ва С классидаги тиббий транспорт воситалари эгаллайди. Жорий йилнинг ўзида 1000 дона Б классига мансуб замонавий машиналар харид қилиш кўзда тутилган.