Asalhoney тахаллуси билан машҳур блогер Асал Ходжаева Тошкентдаги ўз уйида ўлик ҳолда топилди. Пойтахт ИИББ ушбу хабарни «Газета.uz»га тасдиқлади.

Иш прокуратура томонидан тергов қилинмоқда, дея хабар берди бошқарма.

Бош прокуратура матбуот хизматининг аниқлик киритишича, 18 март куни Яшнобод тумани, Махтумқули кўчасидаги уйда унинг мурдаси қотиллик аломатлари билан топилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноятни фош этишга қаратилган тезкор-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Январь ойи бошида ижтимоий тармоқларда унинг ўлими ҳақидаги хабарлар тарқалган эди. Ўшанда ИИББ мазкур хабарни рад этганди.

2020 йил охирида аёлга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (ҳақорат) ва 183-моддаси (майда безорилик) бўйича 5 суткага маъмурий қамоққа олиш ва 4,46 млн сўм миқдорида жарима белгиланганди. ОАВ маълумотларига кўра, у Instagram`да бир эркак билан ёзишмаларнинг бир қисмини жойлаштирган, шундан сўнг у номаълум шахслардан унга нисбатан таҳдидлар ола бошлаган ва судга мурожаат қилган.

Ўша ойда у видеомурожаатда ўзининг «беҳаё расмлари ва видеолари учун» узр сўраган эди. Аёл уни безовта қилмасликларини сўраб, тўғри йўлга кирганини айтганди.

Асал Ходжаеванинг Instagram-саҳифасида обуначилар сони хабар ёзилган вақтда 212 мингдан зиёд эди.