Ўзбекистонда шифокорларни лицензиялаш тизими йўлга қўйилади. Бу ҳақда президент 18 март куни тиббиёт ходимлари билан учрашувда айтиб ўтди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Илғор хорижий тажриба асосида, клиникаларни эмас, шифокорларни лицензиялаш тизимига босқичма-босқич ўтишимиз керак. Бу тизим йўлга қўйилса, тиббиёт ходимларини малака оширишга мажбурий юбориш талаб этилмайди. Балки, улар ўз устида доимий ишлаб, тажрибасини оширишдан ўзлари бевосита манфаатдор бўлади», деди Шавкат Мирзиёев.

Cоҳадаги ислоҳотларни режали ва изчил давом эттириш мақсадида Жаҳон банки экспертлари билан бирга 1 октябрга қадар очиқ мулоқотда қайд этилган 7 та асосий йўналишни ўз ичига олган, Соғлиқни сақлаш стратегияси ишлаб чиқилади.

Шу билан бирга, бутун республикада амал қиладиган ягона клиник протоколлар, кўрсатмалар ва стандартлар ишлаб чиқилади.

Тиббиёт соҳасида ягона тиббий маълумотлар базаси, «электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизими яратилади.

Таъкидланишича, тиббий-иқтисодий, статистик ва аналитик таҳлилларни ўтказиш имконини берадиган Миллий тизим жорий этилади.