18 март куни президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари билан учрашувда ОТМ талабаларини иш билан таъминлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

«Тиббиёт олийгоҳларининг магистратура босқичида ва бакалавриатнинг 5−6-курсларида ўқиётган талабаларга, йўлланма асосида, бирламчи ва тез ёрдам тизимида шифокор бўлиб ишлашга рухсат берилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Унинг сўзларига кўра, бу орқали ҳар йили 7 мингга яқин талаба муносиб иш ҳақи олиб, таълимни амалиёт билан бирга олиб бориш имконига эга бўлади.

Амалиёт даврида йўналишини ўзгартиришга қарор қилган талабаларга ўқишни бошқа турдош мутахассисликлар бўйича давом эттиришга рухсат берилади.

Эслатиб ўтамиз, 4 март кунги видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев бундан буён барча давлат ташкилотлари ва муассасаларида талабаларнинг ишлашига рухсат берилишини маълум қилганди. Марказий банк тажрибаси асосида Иқтисодиёт, Молия, Қурилиш, Энергетика, Қишлоқ ва Сув хўжалиги вазирликлари, солиқ, кадастр идоралари 3−4 курс талабаларни ҳақ тўланадиган стажировкага жалб қилади. Амалиёт якунида уларга доимий иш таклиф қилинади.