Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов «Газета.uz» муҳбирининг Абдулла Қодирий ва Дўстлик боғлари ҳақидаги саволларига жавоб берди.

«Нима деб ўйлайсиз, 1 кв метр яшилликни яхши ушлаб туриш учун қанча харажат қилиш керак? Мен сизга айтаман, 20 доллардан 50 долларгача сарфланади ойига. Давлатни қанча пули бор? Кеча гуллар, дарахтлар ва яшиллик харажати учун 8 миллиардлик [қарорга] қўл қўйдим. Сизлар ёздинглар ва тўғри ёздинглар, буни беркитадиган жойи йўқ», — деди пойтахт ҳокими.

«Биз [боғларни] ижарага берганимиз билан мана Ғофур Ғуломни қанақа чиройли жой қилиб қўйган. Ҳозир боринглар, [Абдулла Қодирий ва Дўстлик] боғлар[ининг аҳволи] яхшимас. Боғнинг менежери давлат бўлиши нотўғри. Бутун дунёда шунақа. У ерга қўшимча дарахт эктирамиз, катта аттракционлар қўйилмайди, талаблар ҳаммаси қўйилган. Нега унга бердинглар десанглар уни қилиб қўйган ишини кўрдим. Ман нима қиламан тажриба қилиб», — деди Умурзоқов.

Журналистнинг аслида қонунчилик бўйича тендер бўлиши кераклигини айтганида ҳоким «Мен тендер қилдим», дея жавоб берди.

«Мен шуни лозим топдим, мен танладим. Бир нарсани тушунишимиз керак, кв метри 20−50 доллар деяпман. Давлат қандай қилиб [бу харажатни] кўтаради? Бу халқни пули… Аввало, ҳар бир паркда қилинаётган иш бамаслаҳат қилинади», — деди Шавкат Умурзоқов.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент ҳокими Шавкат Умурзоқов 26 мартдаги қарори билан Дўстлик (собиқ Бобур) паркини 49 йилга Ғафур Ғулом паркини реконструкция қилган BPM Smart Decision Management компаниясига ижарага берган.

Инвестор реконструкция учун камида 10 млн доллар киритиши лозим. Бу ҳақда BMP Smart Decision Management директори Отабек Мирзажонов ва Тошкент шаҳар Маҳаллалар уюшмаси раиси Фурқат Маҳмудхўжаев 19 апрель куни уюштирилган пресс-тур доирасида айтиб ўтди (Маҳмудхўжаев тадбирга шаҳар ҳокимлиги номидан келганди). Ҳоким қарори ҳақидаги ахборот ҳаққоний эканини «Газета.uz»га Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳам тасдиқлади. Қарор аҳоли билан муҳокама қилинмаган.

«Адолат» партияси Тошкент ҳокимлигини боғларни ижарага бериш каби муҳим қарорларни қабул қилишдан олдин ўрганиб, жамоатчилик фикрини инобатга олишга чақирди.

Экологик партия эса Тошкент ҳокимлиги Дўстлик боғидаги дарахт ва яшилликни сақлаб қолишлари, аттракционлар ўрнатилмаслиги ва боғни реконструкция қилиш лойиҳасини жамоатчиликка тақдимот қилишлари лозимлигини қайд этди ва бу юзасидан ҳокимликка депутатлик сўровини юборишни маълум қилди.