Наврўз байрами куни Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятида кечаси ва эрталаб баъзи жойларда бироз қор ёғади. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.

Таъкидланишича, Тошкент вилоятида кундузи бироз ёмғир ёғиши мумкин. Навоий вилоятининг шимолида бироз ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади, республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди. Кечаси кучсиз совуқ сақланиб туради, кундуз куни ҳарорат +10, +15 даража илиқгача кўтарилади.

22 мартда Ўзбекистон бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат Фарғона водийси вилоятларида бироз ёмғир ёғади. Ҳаво ҳарорати кечаси 0, +5 даража илиқни, кундузи +10, +15 даража илиқни ташкил этади.

23 мартда Ўзбекистон ҳудудига Волга бўйи ҳудудларидан яна нам ва совуқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда, республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади, фақат шимолда ёғингарчилик кутилмайди. Кундуз кунги ҳарорат +4, +9 даража илиқ бўлади.

Ушбу кунларда республиканинг тоғли ҳудудларда қор кўчиши хавфи бор.