Икки йиллик чекловлардан сўнг, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ва «Қазақстан темир жолы» МК" АЖ билан келишилган ҳолда жорий йилда Қозоғистонга биринчи йўловчи поезд ҳаракати ташкил этилмоқда, деб хабар берди компания матбуот хизмати.

Унга кўра, 1 апрелдан бошлаб Нукус — Бейнеу — Нукус йўналишидаги 647/648-сонли поезд қатнови йўлга қўйилади.

Ушбу поезд «Нукус» вокзалидан ҳафтанинг ҳар сешанба, жума ва якшанба кунлари ва «Бейнеу» станциясидан ҳар душанба, чоршанба ва шанба кунлари йўлга чиқади.

Бошқа қўшни давлатлар билан темир йўл йўналишларининг қайта тикланиши томонларнинг келишувига асосан босқичма-босқич очилиши кутилмоқда.

Компаниянинг маълум қилишича, қўшимча маълумотларни Тошкентдаги 1005 қисқа телефон рақами, жойлардаги темир йўл кассалари ҳамда маълумотлар бюросидан билиб олишлари мумкин.