Олий таълим муассасаларини тугатганда ёки ўқишни бир таълим муассасасидан бошқасига кўчирганда айланма варақани тўлдириш бекор қилиниб, HEMIS ахборот тизими орқали амалга оширилади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Бунда:

  • талаба ўз профили орқали электрон айланма варақасини олиш учун сўров жўнатиш имкониятига эга бўлади;
  • олий таълим муассасасидаги бухгалтерия ва кадрлар бўлими, факультет деканати, ахборот ресурс маркази ҳамда ётоқхона масъуллари томонидан талабанинг электрон айланма варақаси шакллантирилади;
  • талаба ўз профили орқали шакллантирилган айланма варақа ва унга киритилган изоҳлар билан танишиш имкониятига эга бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов олий таълим тизимида журнал, рейтинг дафтарча қоғоз кўринишда бўлмаслигини, шунингдек, энди талабалар гувоҳномаси ҳам ID карта шаклида бўлишини маълум қилган эди.

Маълумот учун, HEMIS — бу Олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими бўлиб, у «Маъмурий бошқарув», «Ўқув жараёни», «Илмий фаолият» ва «Молиявий бошқарув» ахборот тизимларини ўз ичига олган.