Президент Шавкат Мирзиёев 18 март куни тиббиёт ходимлари билан учрашувда оилавий шифокор пунктлари, оилавий ва кўп тармоқли поликлиникалар фаолияти кечки 20:00 га қадар узайтирилишини маълум қилди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, ҳозирда стационар тиббий хизматлар кундузи соат 13:00 га қадар ишлаётганини, шу сабабли, аксарият аҳоли шифокор назорати талаб қилинмайдиган кечки даво олиш учун ҳам шифохонага ётишга мажбур бўлмоқда.

Бу борада, яъни бирламчи тизимда кундузги стационарлар иш вақти узайтирилишини сўраб 500дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган.

«Шу боис, оилавий шифокор пунктлари, оилавий ва кўп тармоқли поликлиникаларда кундузги стационар иш вақти соат 20:00 гача узайтирилади. Уларда ишлайдиган шифокор ва ҳамширалар иш ҳақига қўшимча устама тўланади», — деди президент.

Бундан ташқари, 2022 йил 1 майдан бошлаб:

  • барча кўп тармоқли марказий поликлиникаларда болалар бўлими ташкил этилади;
  • 17 мингдан зиёд тиббиёт бригадаларига яна қўшимча 8,5 мингта болалар ҳамшираси ва доя (акушер) штатлари берилади.
  • 2022 йил 1 июлдан бошлаб 3−15 ёшли болаларга йод препаратлари давлат томонидан бепул тарқатилади.