Водий вилоятларидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари 18 март соат 18:00 дан 19 март соат 06:00 гача фаолиятини тўхтатади, дея хабар берди «Ўзтрансгаз» матбуот хизмати.

«Республикада кузатилаётган совуқ ва нам об-ҳаво шароитида аҳоли, истеъмолчилар ва ижтимоий соҳа объектлари, стратегик аҳамиятга эга бўлган корхоналарни узлуксиз ва барқарор табиий газ билан таъминлаш бирламчи вазифа ҳисобланади», — дейилади хабарда.

Шу боис, компаниянинг ёзишича, республикадаги табиий газ истеъмолчиларининг салмоқли қисмини ташкил этувчи Фарғона водийсидаги аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа ва стратегик аҳамиятга эга объектларни табиий газ билан барқарор таъминлашга қарор қилинган.

Маълумот учун, Ўзгидромет 19−20 мартда кечалари ҳаво ҳарорати баъзи жойларда -1, -2 даражагача пасайиши, чўл ва шимолий ҳудудларда эса -7, -10 даражагача совуқ бўлиши маълум қилганди.