Ўзбекистон Монополияга қарши кураш қўмитаси Россия ҳукумати томонидан ғалла ва шакар экспортига қўйилган вақтинчалик тақиқ ва бу чекловларнинг Ўзбекистонга эҳтимолий таъсири юзасидан изоҳ берди.

«Шакар ва ун маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ва реализация қилувчи маҳаллий тадбиркорларнинг 2022 йилдаги фаолиятида вужудга келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича ҳукумат томонидан зурур чора-тадбирлар ишлаб чиқилган», — дейилади хабарда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда иккита шакар заводи — «Хоразм шакар» ва «Ангрен шакар» фаолият юритмоқда. Қўмита маълумотларига кўра, маҳаллий заводлар шакар хомашёсини Бразилиядан жаҳон биржа котировкаларига нисбатан арзон нархларда харид қилишмоқда.

Хусусан, 15 март ҳолатига кўра, мазкур заводларда 260 минг тонна шакар маҳсулоти захираси мавжуд. Шундан 40 минг тонна тайёр шакар ва 32 минг тонна хомашё, июнь ойига қадар яна 178 минг тонна хом ашё етказиб берилади.

Буғдой ва ун

Шунингдек, 2021 йилги мавсумда жами 6,7 млн тонна буғдой етиштирилган бўлиб, шундан 2,5 млн тоннаси республика захирасига жойлаштирилган, 4 млн тоннаси эса фермерлар ва аҳоли ихтиёрида қолган.

Бундан ташқари, президентнинг тегишли қарорига мувофиқ, Ўзбекистонга буғдой уни ёки буғдой-жавдар унини олиб киришда божхона божи ундирилмайди. 2021 йилда хусусий сектор томонидан 2,8 млн тонна буғдой ва 0,4 млн тонна ун импорт қилинган, 1 млн тонна ун қўшни давлатларга (асосан Афғонистонга) экспорт қилинган.

Қўмитанинг маълум қилишича, 2021 йилда 27 минг тонна шакар импорти амалга оширилган, бу мамлакат эҳтиёжининг 5 фоизини ташкил этади. Ўз навбатида, ички бозордаги эҳтиёжнинг 1 фоизи Россия ва 0,7 фоизи Украина давлатларидан импортга тўғри келади. Шунингдек, буғдой бўйича ички бозордаги эҳтиёжнинг 0,2 фоизи Россия давлатидан импортга тўғри келган, Украинадан эса умуман буғдой импорт қилинмаган.

Қўмита маълумотларига кўра, Россия ва Украинада шакар ва буғдой экспортига киритилган чекловлар Ўзбекистон ички бозорларидаги эҳтиёж ва нархларга таъсир қилмайди.

«Шунингдек, республика аҳолисини етарли миқдорда ва мақбул нархларда шакар ва ун маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича ҳукумат томонидан зарур чоралар кўрилган. Умуман олганда, бугунги кунда ички ва ташқи бозорлардаги шакар ва ун ишлаб чиқариш бўйича барқарор ҳолат келгусида шакар нархининг ошиши бўйича хавотирга ўрин йўқлигини кўрсатмоқда», — дейилади хабарда.

Биржада шакар нархининг ошиши

Чоршанба куни «Газета.uz» товар-хом ашё биржаси (UzEx) маълумотларига таяниб, 1 мартдаги биржа савдолари якунларига кўра, шакарнинг ўртача нархи 8227 сўмни ташкил этгани, 15 мартда эса нарх 9085,8 сўмга (+10, 4%) ошганлигини хабар қилган эди. 16 март куни нархлар кунлик ҳисобда 10,1% га — 10008,1 сўмга кўтарилди. Ой бошидан буён ўсиш даражаси 21,6% ни ташкил этди.

«Ички бозорни шакар маҳсулоти билан узлуксиз таъминлаш мақсадида биржа савдоларига кунлик қўйиладиган ҳажм ўртача 30 фоизга оширилмоқда», — дея қайд этилган Монополияга қарши кураш қўмитаси хабарида. Аввалроқ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги биржа савдоларига бир ойда камида 30 минг тонна шакар (кунига 1000 тоннадан ортиқ шакар) қўйилиши ҳақида хабар берган эди.

UzEx маълумотларига кўра, 14 март куни биржа савдосида 1900 тонна, 15 март куни 2927 тонна, 16 март куни 2000 тонна шакар сотилган.

Жаҳондаги вазият

Шакарга нисбатан юқори талаб Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонда кузатилмоқда. Бир қатор ҳудудларда дўконлар пештахталарида шакарнинг етишмаётганлиги айрим виждонсиз тадбиркорлар томонидан қўзғатилган ажиотаж билан боғлиқ, дея маълум қилди Россия монополияга қарши кураш федерал хизмати. Аввалроқ монополияга қарши кураш хизмати шакарга бўлган ажиотаж талаб ва кўтарилган нархларни рағбатлантирувчи сунъий тақчиллик яратилишига йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида огоҳлантириб, қонунбузарларга нисбатан чора кўрилишини маълум қилган эди.

15 март куни Россия Федерацияси бош вазирининг биринчи ўринбосари Андрей Белоусов мутасадди ташкилотларга «ягона таъминот занжирида шакар нархининг сезиларли даражада ошиши кузатилаётган бўғинни аниқлаш» юзасидан топшириқ берди. «Интерфакс» Росстат маълумотларига таяниб, Россияда шакарнинг истеъмол нархлари 5 мартдан 11 мартгача бўлган муддатда — ҳафта давомида — 12,8 фоизга ошганини хабар қилди.

Россиянинг Қозоғистонга шакар экспортини тақиқлаши фонида Қозоғистонда ҳам бу маҳсулотга юқори талаб юзага келиб, маҳсулот пештахталар ва бозорлардан йўқолиб қола бошлади, нарх эса кескин кўтарилди. Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентлиги раиси Серик Жумангарин Қозоғистонда шакарнинг сунъий тақчиллиги юзага келтирилганини маълум қилиб, бунинг учун «дўконларга шакарни қасддан етказиб бермаган» улгуржи сотувчиларни айблади.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда шакар маҳсулоти етарли — «уни қоплаб сақлаб қўйишнинг ҳожати йўқ, бу аҳмоқлик». «Агентлик шакар заводларига борди, улгуржи сотувчиларга ва ҳоказоларга, у ерда нарх ошишини кутиб захиралар ушлаб турилгани, сотувга чиқарилмаганини аниқладик. Уларнинг ҳаммаси жазоланади», — дея қўшимча қилди Жумангарин.

Нарх спекуляцияси, шунингдек, Олмаотада ҳам кузатилди. Ўтган дам олиш кунлари шаҳарда шакарга бўлган талаб кескин ошди. Айрим бозорларда шакар килограми 650 тенгедан (14469 сўм) сотилди, айни пайтда йирик савдо тармоқларида — 285 тенгедан (6 344 сўм). Аммо уни бир харидорга 5 килограмдан кўп бўлмаган миқдорда сотишди, деб ёзмоқда «Хабар». Баъзи шаҳарларда шакар сотиб олаётганда талашиш ва навбатларни ҳам кўриш мумкин эди.

Шу билан бирга, мамлакатда шакар ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайиши кузатилмоқда.

Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, сўнгги бир ҳафта ичида Қирғизистонда шакар 24,45% га қимматлашган. 9 март куни маҳсулот нархи 74,645 сом бўлган бўлса, 16 март куни 92,89 сомгача (10020 сўм) кўтарилган.

Вазирлар Маҳкамаси топшириғига кўра Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Давлат моддий захиралари жамғармасига шакар ва ўсимлик мойи бозорида товар интервенциясини амалга ошириш вазифаси топширилган. Бундан ташқари, агентлик томонидан улгуржи нархларнинг минимал миқдори ўрнатилди: шакар учун 1 килограми 65 сом (7012 сўм), ўсимлик мойи учун — 124,5 сом/л (13431 сўм) қийматида.