24 апрель, чоршанба тонгида Тошкент шаҳрида ишга пиёда ёки жамоат транспортида кетаётган давлат ташкилотлари ходимлари кўриниш берди. Бу март ойидан бошлаб ҳар ойнинг тўртинчи чоршанбасида ўтказиладиган «Автомобилсиз кун» акцияси билан боғлиқ.

Экология вазири Азиз Абдуҳакимов хизмат сафари билан бошқа вилоятга йўл олган бўлса-да, акцияда қатнашиш учун Тошкент темирйўл вокзалигача велосипедда борди. Эслатиб ўтамиз, акциянинг бундан аввалгисида ҳам вазир тушдан сўнг метрода ҳаракатланганди.

Бош прокуратура маълумотига кўра, акция доирасида ташкилот раҳбарияти, бошқарма бошлиқлари ҳамда бошқа масъуллар шахсий ва хизмат автомашиналаридан эмас, балки жамоат транспортидан фойдаланди. Жумладан, улар орасида бош прокурор ўринбосари Светлана Артиковани ҳам (асосий суратда) кўриш мумкин.

Бундан ташқари, акцияда пойтахтнинг Чилонзор тумани ҳокимлиги ходимлари ҳам қатнашиб, тармоқлардаги саҳифаларга сурат ва видеолар жойлади.

Урбанист Искандар Солиев пойтахт ҳокимлиги автотураргоҳининг аввалги ва бу сафарги акция доирасидаги кўринишини солиштирди. Унинг ишора қилишича, 29 март куни ўтказилган акцияда бино автотураргоҳи «автомобилсиз» эди.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Дэвид Хофман ҳам эрта тонгдан жамоадошлари билан метрода юргани акс этган видео эълон қилинди.

Қолаверса Маданият, Адлия вазирликлари, Кадастр агентлиги, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ, Статистика агентлиги, Спорт вазирлиги, Миллатлараро муносабатлар қўмитаси ва бошқа кўплаб ташкилотлар куннинг биринчи қисмида асосан пиёда ва жамоат транспортида ишхонасига етиб олди.