Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров давлатга 1,7 млрд сўм зарар етказганликда айбланмоқда

Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров 8 та ҳолатда жами 19,6 минг кв. метр ер майдонини ноқонуний ажратиш орқали давлат манфаатларига 1 млрд 779 млн сўм зарар етказганликда айбланмоқда. Ҳоким бир вақтнинг ўзида депутат бўлганлиги боис Андижон вилояти прокуратураси уни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича Халқ депутутлари Андижон вилояти кенгашига тақдимнома киритди.

Қозоғистондаги митинглар сабаб 14 нафар ўзбекистонлик ҳибсга олинди

Қозоғистонда рўй берган оммавий тартибсизликлар сабаб ҳибсга олинганларнинг 18 нафарини хориж фуқаролари, шу жумладан 14 нафарини ўзбекистонлик ташкил этмоқда, деб хабар берди Қозоғистон омбудсмани.

Ўзбекистон ўз фуқаролари ҳибсга олингани сабабли Қозоғистонга нота юборди

Ўзбекистоннинг Нур-Султондаги элчихонаси январь ойидаги тартибсизликлардан кейин Ўзбекистон фуқароларининг ҳибсга олиниши муносабати билан Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига нота юборди.

Алишер Усмонов синглисининг Швейцария банкидаги маблағлари ҳақидаги хабар ёлғонлиги маълум қилинди

Алишер Усмоновнинг синглиси Саодат Нарзиеванинг Швейцариянинг Credit Suisse банкидаги ҳисобрақамларида 2004 йилдан бери 5,8 млрд доллардан кўпроқ маблағлар бўлганлиги тўғрисида тарқатилган хабарлар ҳақиқатга мос келмайди, деб хабар бермоқда тадбиркорнинг матбуот хизмати.

Депутатлар меҳнат мигрантларига имтиёзлар беришни назарда тутувчи қонунни маъқуллади

Қонунчилик палатаси томонидан мигрантларга оид янги қонун маъқулланди. Унда ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланган. Қонунда шунингдек, меҳнат мигрантларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда хориждан қайтганларнинг реинтеграцияси кўзда тутилган.

Шавкат Мирзиёев мартда Покистонга бориши кутилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев март ойида Покистонга ташриф буюриши кутилмоқда. Покистон бош вазирининг маслаҳатчиси Абдул Разоқ Довуднинг сўзларига кўра, ташриф чоғида икки давлат ўртасида имтиёзли савдо тўғрисидаги келишув имзоланади. Қолаверса, мартдан Лаҳордан Тошкентга мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш режа қилинган.

Ўзбекистон январь ойида экспорт ҳажмини икки бараварга оширди

Январь ойида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси ҳажми 3,49 млрд долларни (импорт — 2,09 млрд, экспорт — 1,399 млрд доллар) ташкил этди. Бунда олтин экспорти ҳажми икки бараварга ошди ва 586,6 млн долларлик қимматбаҳо металл сотилди. 2021 йилда олтин экспорт қилинмаган эди.

Тошкентнинг барча туманларида бошқарув компаниялари фаолияти йўлга қўйилади

Президент йил якунигача бошқарув компаниялари томонидан хизмат кўрсатишни Тошкентнинг барча хизмат сифати паст туманларида жорий этишни топширди. Хизматларидан аҳоли рози бўлган ширкатлар ва уй-жойни бевосита бошқарувчилар бундан мустасно. Бошқарув компаниялари тажрибаси ижобий баҳоланди.

Бош прокуратура таркибида Ер ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олиш бошқармаси ташкил этилди

Президент қарори билан Бош прокуратура таркибида Ер ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олиш бошқармаси, ИИВ Тезкор-қидирув департаментида эса Ер ресурслари талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлими ташкил этилди. Ер ажратиш тўғрисидаги барча қарорлар хатловдан ўтказилади.

Ўзбекистонда Глобал яшил ўсиш институтининг ваколатхонаси очилди

Институт Давлат экология қўмитаси билан биргаликда умумий қиймати 5,65 млн долларлик Оролбўйи минтақасининг яшил тикланишини молиялаштиришга қаратилган лойиҳани амалга оширишни бошлаб юборди.

Ўзбекистоннинг тўртта вилоятида сел келиш хавфи эълон қилинди

23−25 февраль кунлари Қашқадарё, Жиззах, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларининг айрим худудларида сел келиши хавфи эълон қилинди. Ўзгидромет фуқаролардан эҳтиёт чораларини кўришни сўрамоқда.

«Навоий-Москва» рейси йўловчиларига учиш жойи ҳақида нотўғри маълумот берилди

Авиарейс йўловчиларини чалғитиш билан боғлиқ яна бир ҳолат Қаршида содир бўлди. Москвага учиш учун аэропортга 150 га яқин одам етиб келди, бироқ, учиб кетиш жойи Навоий бўлиб чиқди. Йўловчилар жўнаб кетиш жойигача таксида ўз ҳисобидан боришига тўғри келди. Чипталар онлайн харид қилинганди.

Қашқадарёда фуқарони $4 минг эвазига Миллий Гвардияга ишга киритмоқчи бўлган шахс ушланди

Қашқадарёда фуқарони 4 минг доллар эвазига Миллий гвардияга ноқонуний тарзда ишга киритмоқчи бўлган шахс қўлга олингани айтилмоқда. Бухородаги ҳолатда эса фуқаро бошқа бир фуқарони ишга киришида юқори лавозимдаги танишлари орқали ёрдам беришини айтиб, 1500 доллар олганликда гумон қилинмоқда.

Яна икки суд раиси лавозимидан озод этилди

Одил судловни амалга оширишда қонунийликни бузганлиги учун ЖИБ Наманган шаҳар судининг раиси Бахтиёр Таваккалов ҳамда Зангиота туманлараро иқтисодий судининг раиси Камолиддин Холмухамедов муддатидан аввал ишдан бўшатилди.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Спортни ривожлантириш вазирлигининг вазифалари белгилаб берилди

Туризм ва спорт вазирлиги иккига ажратилиши фармонда туризм хизматларини ривожлантириш бўйича ишлар самарадорлигини тубдан ошириш ва маданий мерос объектларини муҳофаза қилишни кучайтириш, шунингдек, аҳолини спорт ва соғлом турмуш тарзига кенг жалб этиш ҳамда спортчиларни Олимпия ва Паралимпия ўйинларида иштирок этишга пухта тайёрлаш зарурияти билан изоҳланади. Шу билан спорт соҳасида давлат сиёсатини юритувчи орган олтинчи марта қайта ташкил этилмоқда.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Чет элдан автомобиль сотиб олиш энди қанчага тушади?

«Газета.uz» божхона божининг пасайтирилиши Ўзбекистонга импорт қилинаётган автомобиллар нархига қандай таъсир кўрсатишини ҳисоблаб чиқди. Таққослаш учун жадвал.