18 майга ўтар кечаси Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида бир неча юз киши меҳнат мигрантларига қарши намойишга чиқди ва бу тартибсизликларга айланиб кетди, дея хабар берди «24.kg» ахборот агентлиги.

Норозиликларга 13 май куни Чуй шоҳкўчасидаги ҳостеллардан бирининг ҳовлисида маҳаллий аҳоли ва хорижликлар ўртасида содир бўлган оммавий муштлашув сабаб бўлган. 17 май куни кечқурун маҳаллий аҳоли чет элликлар билан «орани очиқ қилиб олиш учун» ҳостел яқинига тўплана бошлаган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари йиғилганларни тарқалишга чақирган, бироқ одамлар ортга қайтмаган, шундан сўнг ҳибсга олишлар бошланган. Вақт ўтиши билан, намойишчилар сони минг кишидан ошгани айтилади.

«Ижтимоий тармоқларда хорижликлар яшайдиган ётоқхоналардан бирига бостириб кириш акс этган видеолар тарқалди. Уларнинг калтаклангани қайд этилди. Талончилик билан боғлиқ ҳолатлар ҳам бўлган», — деб ёзди Kaktus.media.

Шундан сўнг шаҳарга ички қўшинлар бўлинмалари етиб келди ва Чуй шоҳкўчаси ва Курманжан Датка кўчаси чорраҳасига водомётлар ўрнатилди. Тун давомида намойишчилар бир неча марта ҳуқуқ-тартибот идоралари тўсиғини ёриб ўтишга уринди. Йиғилганлар мамлакат ҳукумати вакили билан учрашишни талаб қилди.

Намойишчилар билан музокараларни Бишкек шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси раҳбари Азамат Токтоналиев олиб борди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев йиғилганлар Қирғизистонда меҳнат мигрантлари, шунингдек, Бангладеш, Покистон, Ҳиндистон ва Мисрдан ўқиш учун келган талабалар кўплигига норозилигини билдирганини таъкидлади. Шунингдек, улар аввалги муштлашувда ҳибсга олинган хорижликларни жавобгарликка тортишни талаб қилган.

Ташиевнинг таъкидлашича, жараёнда 18−25 ёш оралиғидаги 200−700 киши иштирок этди.

«Кеча йиғилганларнинг баъзи талабларини тўғри деб ҳисоблайман. Бу мигрантлар оқими ошиб кетгани билан боғлиқ. Биз бу бўйича чоралар кўришни бошлаганмиз», — деди Ташиев воқеа бўйича изоҳида.

Унинг таъкидлашича, мамлакатдан кунига камида 20−30−50 нафар ноқонуний тарзда мамлакат ҳудудида бўлиб турган мигрантлар аниқланиб, уларни мамлакатдан депортация қилиш учун барча ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Ташиев эълон қилган маълумотларга кўра, бугунги кунгача 1500 нафар покистонлик, 1000 нафар бангладешлик мигрант Қирғизистондан депортация қилинган. Шунингдек, мамлакатда 5000 нафарга яқин мигрант ноқонуний тарзда бўлиб турибди, уларнинг 1360 нафари покистонлик, 1300 нафари бангладешлик, қолганлар эса бошқа мамлакатлардан.

Эрталаб йиғилганлар тарқала бошлаган. Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тартибсизликлардан сўнг 29 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганини, улардан 15 нафари касалхонага ётқизилганини маълум қилди.

Покистон ва Ҳиндистон элчихоналари воқеага муносабат билдирди. Улар Қирғизистонда бўлган фуқароларидан вазият тинчигунча кўчага заруратсиз чиқмасликни тавсия қилди.

Қайд этилишича, Покистоннинг айрим ОАВлари ҳодисаларда уч нафар мамлакат фуқароси ҳалок бўлгани ҳақида ёзган. Покистон элчихонаси бу маълумот тасдиқланмаганини қайд этди.