Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 22 февраль куни бўлиб ўтган мажлисида «Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги қонун учинчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Қонун лойиҳасида ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланган.

Шунингдек, қонунда назарда тутилаётган нормалар билан уюшган ҳолда ишга жойлаштириладиган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистондан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқароларни реинтеграция қилиш тартиби тизимлаштириш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган нормалар билан меҳнат мигрантларига муайян имтиёз ва преференциялар тақдим этилиши режалаштирилган.

Қонун лойиҳаси учинчи ўқишда депутатлар томонидан маъқулланиб, Сенатга юборилди.