22 февраль куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида Глобал яшил ўсиш институтининг (GGGI) Ўзбекистондаги ваколатхонасининг расмий очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

Таъкидланишича, GGGI`нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси МДҲ, шу жумладан Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи офис ҳисобланади.

GGGI халқаро ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, бош офиси Сеул шаҳрида (Жанубий Корея) жойлашган. Мазкур ташкилот 2012 йил 20 июнь куни Рио-де-Жанейрода (Бразилия) БМТнинг Барқарор ривожланиш бўйича конференцияси доирасида таъсис этилган.

Ташкилотнинг мақсади — иқлим ўзгариши шароитларида тараққий этган ҳамда бозор иқтисодиётини танлаган мамлакатларда яшил иқтисодиётни ривожлантириш йўли орқали барқарор иқтисодий ўсишга кўмаклашиш ҳисобланади.

Ҳозирги кунда институт дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатларида 54 та лойиҳани амалга ошириб келмоқда. Институт президенти ва Кенгаш раиси БМТнинг собиқ Бош котиби Пан Ги Мун ҳисобланади. Тадбир унинг иштирокчиларга видеомурожаати билан бошланди.


Тадбирда Глобал яшил ўсиш институти бош директори ўринбосари Хелена Маклоид, институтнинг Осиё бўйича минтақавий директори Ачала Абейсингх, шунингдек, БМТ Тараққиёт дастури, ЕХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари иштирок этган.

2022 йилда Давлат экология қўмитаси ҳамда Глобал яшил ўсиш институти Орол денгизи таназзули салбий оқибатларини бартараф этиш мақсадида Оролбўйи минтақасининг яшил тикланишини молиялаштиришга йўналтирилган ҳамкорликдаги лойиҳани амалга оширишни бошлади. Лойиҳанинг умумий қиймати 5,65 млн АҚШ долларига тенг.

Мазкур лойиҳа Халқаро ҳамкорлик бўйича Корея агентлиги (KOICA) томонидан молиялаштирилади. Лойиҳанинг мақсади — Орол денгизи таназзули оқибатларини бартараф этиш учун Қорақалпоғистон Республикасининг яшил реабилитациясига кўмаклашиш, шунингдек, барқарор ҳаётий таъминот ҳамда табиий хавфларга барқарорликни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни белгилашдир.

Тадбир давомида Глобал яшил ўсиш институти ҳамда Барқарор ривожланиш бўйича Давлатлараро комиссияси ўртасида Орол денгизи хавзаси учун муҳим ҳисобланган яшил ўсиш ва иқлим ўзгариши соҳасида ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.